Тошкентнинг Чилонзор тумани Қатортол кўчасида қувур ёрилиши натижасида иссиқ сув оқими йўл қопламасини ёриб юборди. Авария иссиқлик тармоқларида қувурлар мустаҳкамлигини текшириш ишлари олиб борилиши натижасида содир бўлди, дея хабар қилди «Тошиссиққуввати» Чилонзор туман бошқармаси «Газета.uz"га.

Бошқарма маълумотларига кўра, қувур пайшанба куни тахминан 10:15 ларда ёрилган. «2018/2019 иситиш мавсумига тайёргарлик мақсадида иссиқлик тармоқларида механик пишиқлик ва босим осишига чидамлилик бўйича режали синов ишлари олиб борилмоқда. 13 сентябрь куни синов 5-ИМда бошланди. Қувурлар таъмирдан сўнг пишиқлик текширувидан ўтказилди», — деди суҳбатдош.

Авария тўғрисида Facebook`даги «Водители Ташкента» гуруҳи иштирокчилари маълум қилди.

Қувур ёрилган жойда қолдирилган Spark автомобилининг олд қисми йўл қопламаси бўлаклари учишидан жиддий шикастланган.