Самарқанд давлат университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий марказида маблағларнинг талон-тарож қилингани аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар қилди.

Марказ мансабдор шахслари 2017−2018 йиллар давомида таълим жараёнига жалб қилинмаган ўқитувчилар томонидан дарс ўтилганлиги тўғрисида дарс жадвалларига сохта маълумотлар киритиб, ушбу маълумотлар асосида 9 нафар ўқитувчиларга ўтилмаган ўқув машғулотлари учун сохта буйруқлар расмийлаштириб, 9,2 млн сўм иш ҳақлари, шунингдек, марказнинг 3 нафар раҳбар ходимларига асосий ва ўтиши мумкин бўлган ўқув машғулотларидан ташқари дарс соатлари учун 7,4 млн сўм иш ҳақларини ноқонуний равишда тўлаб, жами 16,7 млн сўм бюджет маблағларини талон-торож қилганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан марказ ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.