Ўзбекистон Бош прокуратураси Тошкент вилояти Янгийўл туман тиббиёт бирлашмасида ўғирлик фош этилгани тўғрисида хабар қилди.

Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти Янгийўл шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширув давомида Янгийўл тумани тиббиёт бирлашмаси собиқ механиги М. бирлашма ҳисобида бўлган жами қиймати 74,4 млн сўмлик 8 дона Damas русумли автомашиналарни ҳисобдан чиқарилганидан сўнг, тегишли тартибда биржа савдолари орқали сотмасдан, ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан ноқонуний сотиб юборгани аниқланган.

Шунингдек, бирлашма мансабдор шахслари томонидан давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилган сметада назарда тутилмаган 420,5 млн сўм пул маблағлари ортиқча сарфланиб, бюджет ва смета-штат интизомини бузганликлари ҳолати аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан туман тиббиёт бирлашмаси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.