Ижтимоий тармоқларда «Матиз» русумли автомобиль ҳайдовчиси жамоат транспорти учун мўлжалланган жойни ўз автомашинаси билан тўсиб қўйганлиги акс этган видео тарқалди. Шунингдек, ҳайдовчи «Тоштрансдиспетчерхизмат» УК вакилининг эътирозига эътибор бермай, қўпол тарзда аёл кишини ҳақорат қилиб, унинг қўлидан мобил телефонини тортиб олмоқчи бўлган. Буни эплай олмагач, унга қўл кўтарган. Ушбу факт бўйича Тошкент шаҳар ИИББ томонидан чора кўрилди, дейилади бошқарма матбуот хизмати хабарида.

Ҳуқуқбузар Зангиота туманида яшовчи 26 ёшли Ҳикматулла М. исмли фуқаро эканлиги аниқланди. Ҳайдовчи қўлга олиниб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-моддаси («Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши») ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномаси талони йўқлиги боис Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 135-моддаси (Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариш) асосида баённомалар тузилди.

Бундан ташқари, «Тоштрансдиспетчерхизмат» УК раҳбариятининг аризасига асосан Шайхонтоҳур тумани маъмурий ишлар бўйича суди томонидан Ҳикматулла М. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасида (Майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарлик амалга оширганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 5 сутка муддатига маъмурий қамоқ кўринишидаги жазо тайинланди.

Изоҳ: ушбу моддада жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик назарда тутилган. 183-модда санкциясида энг кам иш ҳақининг учдан беш бараваргача ёки 15 сутка муддатигача маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиши кўзда тутилган.