2018−2019 ўқув йили давомида Хоразм, Фарғона, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари тарбияланувчилари учун замонавий аутсорсинг хизмати (ишончли шартномавий хизмат кўрсатиш) йўлга қўйилади. Ушбу ҳудудлардаги тадбиркорлар танловларда иштирок этиб, даромад олишлари мумкин бўлади. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур ҳудудларда тўпланган тажриба ва ўтказилган синовлар натижадорлигидан келиб чиқиб, аутсорсинг хизмати келгусида вазирлик тизимидаги барча таълим муассасаларида жорий этилади.

Хабарда айтилишича, спортчи учун энг муҳим жиҳатлардан бири қатъий назорат қилинадиган калорияли овқатланиш рациони ҳисобланади. Бугунги кунда аксарият таълим муассасаларида ёш спортчиларимизни овқатлантиришда маънан эскирган тизимдан фойдаланилмоқда. Шу сабабли вазирлик томонидан мазкур жараёнга замонавий илғор тажрибаларни жорий этиш режалаштирилмоқда.