Навоий вилоятида маҳаллада жойлашган аҳоли хонадонлари бирма-бир ўрганилиб, оилалардаги мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал этиш борасида комплекс чора-тадбирлар кўрилганлиги натижасида умумий жиноятлар сони 821 тага ёки 37,4 фоизга, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар эса, 348 тага ёки 30,4 фоизга камайди. Бу ҳақда ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабар берди.

Шу йилнинг 27 июль куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида турли масалаларни комплекс ўрганиб чиқиш ва бартараф этиш мақсадида президент кўрсатмасига биноан, республика Бош прокурори ва Ички ишлар вазирининг қўшма фармойиши асосида Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов раҳбарлигида ишчи гуруҳ тузилган эди. Мазкур гуруҳ 4−6 сентябрь кунлари Навоий вилоятининг барча шаҳар ва туманларида бўлиб, у ерда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Ички ишлар вазири Навоий шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 1-сонли ички ишлар бўлими биносининг тантанали очилиш маросимида иштирок этиб, хизмат фаолиятида фойдаланиш учун ажратилган янги хизмат автомашиналарини топширди.

Шу билан биргаликда, 2, 3 ва 4-сонли ички ишлар бўлимларида ҳам бўлиб, ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди ҳамда 4-сонли ички ишлар бўлими ҳудудида жойлашган аёллар ва болалар бокс тўгараги аъзоларига спорт анжомларини топширди.

Ўрганишлар давомида Ички ишлар вазири Учқудуқ ва Томди туманлари ҳамда Зарафшон шаҳар ички ишлар бўлимларида бўлиб, уларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш аҳволи, ҳар бир ходимнинг соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тўлақонли даражада англаб етганлиги ва уларни ҳаётга татбиқ этишдаги дахлдорлик ҳисси, шу билан бирга, фуқаролар билан мулоқотда белгиланган тартиб-таомилларга риоя этиш ва хушмуомала бўлиш, шунингдек, хизмат фаолияти учун яратилган шарт-шароитлар ва йўл қўйилаётган камчиликларнинг асл сабаблари ўрганилди.

Мазкур туманларнинг ҳар бирида вазир томонидан раҳбар ва ходимлар иштирокида тезкор йиғилишлар ўтказилиб, ишни ташкил этиш аҳволига баҳо берилди, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқарувчи ҳар қандай ҳолатларга йўл қўймаслик ҳамда аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш бўйича шахсий таркибга аниқ вазифалар берилди.

Шунингдек, Учқудуқ туманида жойлашган «Келажак ёшлар маркази» биносига ташриф буюриб, ундаги спорт, санъат ва бошқа соҳаларда юқори натижаларга эришаётган ёшлар билан суҳбатлашиб, келгуси фаолиятида бундан-да юқори марраларни забт этишда муваффақият тилади.

Шу билан бирга, Кармана туманида янги инновацион лойиҳа асосида қуриб битказилган «Хавфсиз пиёдалар йўлакчаси» билан ҳам танишиб, мазкур қурилмани янада такомиллаштириш бўйича ўзининг фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Уч кун давом этган соҳавий ўрганишларнинг якуний ҳисоботи сифатида 6 сентябрь куни вилоят ИИБда Ички ишлар вазири П.Бобожонов бошчилигида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, вилоят ҳокимлиги ва ички ишлар органлари масъул ходимлари иштирок этди.

Вилоятда жорий йилнинг саккиз ойи мобайнида жиноятчиликнинг кескин камайганлигига қарамасдан, айрим ҳудудларда криминоген вазият бироз оғирлашганлиги йиғилиш иштирокчиларининг эътиборини қаратди. Хусусан, вилоятдаги 215 та ёки 70 фоиз маҳаллада жиноятлар содир этилишига йўл қўйилиб, деярли ҳар бешинчи маҳаллада жиноят содир этилишининг ошганлиги қаттиқ танқид қилинди.

Айниқса, Навоий шаҳридаги 6 та маҳаллада содир этилган жиноятлар шаҳардаги жами жиноятларнинг 37 фоизини, Зарафшон шаҳрида эса, 2 та маҳалладаги жиноятлар сони 40 фоизни ташкил этганлиги боис, Навоий ва Зарафшон шаҳарларидаги «Меъмор», «Умид», «Кимёгар», «Ишонч», «Чинор», «Матонат», «Алишер Навоий» ва «Олтин водий» маҳаллаларида жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар ишлаб чиқиш лозимлиги белгиланди.

Бундан ташқари, вилоятда амалга оширилаётган қатор ишларга қарамасдан, жорий йилнинг саккиз ойи мобайнида содир этилган жиноятлар ҳар 100 минг аҳоли сонига нисбатан ҳисобланганда республикада учинчи ўринни эгаллаётганлиги баён қилиниб, бир қатор туманларда жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар салбий баҳоланди.

Шунингдек, сўнгги икки ой давомида вилоятда содир этилган жиноятлар сони йил бошида қайд этилган жиноятларнинг 29 фоизини ташкил этиб, айниқса Нурота ва Хатирчи туманларида кейинги икки ой даврида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича қилинган ишлар самарасиз бўлганлиги йиғилишда қайд этилди.

Ўта оғир турдаги жиноятлар содир этилишининг асосий сабаби жиноятни содир этишга мойил бўлган шахслар билан мунтазам равишда профилактик ишлар олиб борилмаганлиги қайд этилиб, бу борада Хатирчи туманида илгари судланган шахслар билан, Қизилтепа туманида эса доимий ишга муҳтож фуқаролар билан белгиланган тартибдаги ишлар тизимли равишда йўлга қўйилмаганлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг 27 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида барча ҳудудларда «Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолати» тизимини жорий этиш лозимлиги белгиланганлигига қарамасдан, вилоят ички ишлар органлари томонидан жиноятларни кенг аҳоли иштирокида муҳокама қилиш ва уларнинг келгусида такрорланмаслиги бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш ишларида камчиликлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Вилоят ички ишлар органларида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмасдан келинаётганлиги сабабли жорий йилнинг саккиз ойи давомида вилоятда содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари сони 33,6 фоизга ошиб кетганлиги, оқибатда 41 нафар фуқаро ҳаётдан бевақт кўз юмганлиги ва яна 136 нафари турли даражада тан жароҳати олганлиги қайд этилди. Шу билан бирга, йўл-патруль хизмати ходимлари фаолияти устидан шикоятлар келиб тушаётганлиги танқид қилиниб, вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати тизимида вазиятни кескин яхшилаш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этишга юзаки ёки расмиятчилик билан ёндошиш ҳолатларига чек қўйилмаганлиги сабабли вилоят ички ишлар органлари фаолиятига оид келиб тушган 6 минг 552 та мурожаатларнинг 2 003 таси ёки ҳар учинчиси аҳолига паспорт хизматларини кўрсатиш масалаларига доир эканлиги, уларни кўриб чиқишда эса қатор камчиликларга йўл қўйилаётганлиги қаттиқ танқид остига олинди.

Кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, ходимларнинг хизмат интизомини яхшилаш борасидаги камчиликларга барҳам берилмаганлиги сабабли боис вилоят бўйича жами 226 нафар ходимлар интизомий, 6 нафари эса жиноий жавобгарликка тортилганлиги айтиб ўтилди.

Йиғилиш давомида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳиятини тўлақонли даражада англаб етмасдан, бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган, ҳанузгача эскича иш услуби билан ишлаётган Хатирчи тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Н.Ашуров, Нурота туман ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари М.Файзуллаев, Конимех тумани ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Н.Исламов, Навоий шаҳар бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари Б.Холикулов, Вилоят ИИБ Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Р.Адизов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, фаолиятида йўл қўйилган камчиликлар, хизмат вазифаларини бажаришга масъулият билан ёндашмаган бир қатор раҳбар ва ходимларга турли даражадаги интизомий жазо чоралари кўрилди.

Йиғилиш сўнгида вилоят ички ишлар органларида иш сифатини яхшилаш, жиноятчиликка қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда бошқа муҳим масалалар бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Ишчи гуруҳ ўз фаолиятини давом эттирмоқда.