«Ўзбекистон совғалари» кўргазма Тошкент шаҳридаги Сайилгоҳ кўчасида 22−23 сентябрь кунлари «Ҳунарманд» уюшмаси, Ўзбекистон Маданият вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Савдо-саноат палатаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

«Ўзбекистон совғалари» кўргазма-савдоси ҳунармандликни янада ривожлантириш, ишлаб чиқарилган ёдгорлик турларини кенгайтириш ва уларнинг оммабоплигини аниқлаш, сифат ва дизайн устида иш олиб бориш, чет эллик меҳмонларнинг маҳсулотларимизга бўлган талаб ва эҳтиёжини ўрганишга хизмат қилиши шубҳасиз.

— Унда юздан ортиқ моҳир ҳунармандлар ноёб асарлари билан иштирок этади, — дейди «Ҳунарманд» уюшмаси раис ўринбосари Акобир Ҳакимов. — Энг муҳим янгилик эса иштирокчиларнинг маҳорат дарсларида иштирок этишидир. Улар ўз кўллари билан лойдан кўза ясаб кўришлари, ипакдан мато тўқишлари, дўппига нақш тикишлари, бешик ясаш жараёнларида бевосита иштирок эта олишади.

Бу тадбирда дорбоз ўйинлари, кураш мусобақалари, миллий урф-одатларимиз намойиши, қўғирчоқбозларнинг қизиқарли томошалари ўтказилади.