Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 27 йиллигига бағишлаб «Ўзбекистон Ёшлар иттифоқидан 27 туҳфа» сифатида «Ёшлар кутубхонаси» доирасида бадиий китоблар чоп этилди. Бу ҳақда Ёшлар иттифоқи Мультимедиа маркази «Газета.uz"га хабар қилди.

Жорий йилда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан лойиҳа учун 10 миллиард сўм маблағ ажратилган. Лойиҳа доирасида ҳар бир китоб камида 10 минг нусхада чоп этилиб, республикадаги барча мактаб, коллеж, академик лицей ва олий таълим муассасалари кутубхоналарига бепул тарқатилади. 2018 йил охирига қадар ҳар бир таълим муассаса кутубхонасига 100 номдаги бадиий китоблар етказиб берилиши режалаштирилган.

Лойиҳа доирасида 2018−2019 йилларда чоп этиладиган 200 номдаги китоблар рўйхати Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Матбуот ва ахборот агентлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари тавсияси асосида шакллантирилган.

2018−2019 йилларга мўлжалланган нашр режаси 200 номдаги бадиий китоб бўлиб, жумладан, жаҳон адабиётига оид 65 дона, ўзбек адабиётида доир 135 дона нодир асарлар чоп этилиши режалаштирилган. Бу китобларнинг 45 фоизи 20 ёшдан катталар учун, 25 фоизи 7−14 ёшдаги болалар учун ҳамда 30 фоизи, 15−20 ёшдаги ўсмирлар учун чоп этилади. Қолаверса, бадиий асарларнинг50 фоизи замонавий адабиёт, 15 фоизи классик адабиёт, ХХ аср адабиёти эса 35 фоизни ташкил этади.

Таълим муассасалари учун махсус чоп этилган китоблар рўйхатидан Алишер Навоийнинг «Маҳбуб ул-қулуб», Ўткир Ҳошимовнинг «Ўзбeклар», Шукур Холмирзаев, «Ўн саккизга кирмаган ким бор», Одил Ёқубовнинг «Улуғбeк хазинаси», Чингиз Айтматовнинг «Асрни қаритган кун», Тоғай Муроднинг «От кишнаган оқшом» каби асарлар ўрин олган.