10 сентябрдан 30 сентябрга қадар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 9 хонали телефон рақамли тизимга ўтиш амалга оширилади, дея эслатиб ўтди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги.

1 октябрдан бошлаб, Тошкент ва Тошкент вилояти абонентлари учун фақатгина 9 хонали телефон рақамлари амал қилади.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида 9 хонали телефон рақамли тизимга ўтиш алоҳида жадвал бўйича амалга оширилади ва бу ҳақда қўшимча тарзда маълум қилинади.

Тезкор чақирув хизматлари ва қисқа 4 хонали рақамларга қўнғироқ қилиш тартиби ўзгармайди. Халқаро форматда қўнғироқ қилиш тартиби ўзгармайди (+998-ххххххххх).

Рақамлар нотўғри терилганда, бу ҳақда огоҳлантирувчи овозли хабар тизими йўлга қўйилади (Ҳурматли абонент, 9 хонали телефон рақамли тизимга ўтиш муносабати билан, абонент рақамини оператор коди билан туришингизни сўраймиз). Бундан ташқари қисқа 1192 рақами орқали туну кун абонентларни техник қўллаб-қувватлаш хизмати фаолият кўрсатади.

Телефон рақами қайси операторга ёки вилоятга тегишли эканлигини www.rtmc.uz сайтига кириб, «Интерактив хизматлар» бўлимидан, шунингдек, @uztbmbot телеграм-боти ёрдамида аниқлаш мумкин.