Ўзбекистон ТИВ Kun.uz сайтида эълон қилинган Таиландга киришга рухсат берилмаган фуқаролар видеомурожаатига муносабат билдирди.

5 сентябрь куни HY 533 рейси билан сайёҳ сифатида Бангкокка етиб борган тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси аэропортда миграция хизмати ходимлари томонидан қўлга олинади. Мурожаатда қайд этилишича, уларга қўлга олиш сабаблари маълум қилинмаган.

Видеоёзувда қўлга олинганлардан бири улар намлиги юқори бўлган хонада сақланаётганини айтган. Уларга бир ҳафтадан сўнг Тошкентга қайтариб юборилиши маълум қилинган.

«Бизнинг барча ҳужжатларимиз жойида, саёҳат қилиш учун пулимиз етарли. Шундай бўлсада, бизни шаҳарга киритишмади ва қандайдир хонага қамаб қўйишди» — дейди у.

Ўзбекистоннинг Бангкокдаги элчихонаси билан боғландик. Лекин улар ҳам ёрдам бера олмасликларини айтишмоқда. Илтимос, ҳурматли Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари, бизга ёрдам беринг. Бир ҳафта давомида қамоқхонага ўхшаш зах хонада ётишни истамаймиз" — дейилади видеомурожаатда.

ТИВ Консуллик-ҳуқуқи департаменти қўлга олинганлар Қ.Саъдуллаев, Ж.Қурбонов, А.Иноғомов, А.Абдуллаев эканини аниқлади.

Уларнинг мурожаатидан сўнг Ўзбекистоннинг Бангкокдаги Бош консулхонаси ходими 7 сентябрь куни вазиятни воқеа жойининг ўзида ўрганиш ва зарурат бўлса консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун Бангкок аэропортига борди.

Таиланд иммиграция хизмати бўлинмасининг расмий маълумотларига кўра, мазкур фуқароларнинг мамлакатга киришларига рад жавоби берилишига улар томонидан ташриф мақсади, яшаш жойи тўғрисида тақдим этилган маълумотларнинг шубҳа туғдиргани сабаб бўлган.

«Ҳозирги вақтда Бош консулхона Ўзбекистон фуқароларини навбатдаги авиарейс билан мамлакатимизга қайтариш учун Таиланд тегишли ҳокимият органлари ва „Ўзбекистон ҳаво йўллари“ авиакомпанияси ваколатхонаси билан доимий алоқада бўлиб турибди», — дейилади хабарда.