Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси зўравонлик жабрдийдасига айланган аёлларга ёрдам беришга қаратилган ишонч телефонларини ишга туширди. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари, қўмита раиси Танзила Норбоева ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.

«Зўравонлик иллати ҳақида узоқ вақт мамлакатимизда ҳеч нима дейилмади ва бугун бу тўғрисида очиқ гапирилмоқда. Одатда бизда аёллар бундай ҳолатга дуч келган тақдирда, ҳатто яқинларига ҳам айтишмайди, қўрқишади ёки истиҳола қилишади. Аммо буни ўзгартириш вақти келди», — деди бош вазир ўринбосари.

Бунинг учун Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси 1146 — ягона телефон рақамларини ишга туширди. «Ишонч телефон"лари зўравонлик қурбонига айланган аёллар ва қизларимизга оғир вазиятдан чиқишларига ёрдам бериб, руҳий, ҳуқуқий ҳамда тиббий кўмак беради.

Бунда аёлнинг хоҳишига кўра, унинг шахси ва мурожаати сир сақланади. Зарур ҳолларда, жабрдийда аёллар республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилаётган Ижтимоий мослашув марказларига (шелтерларга) жойлаштирилади.

«Агар Сиз атрофингиздаги ана шундай аёллар тақдиридан хабардор бўлсангиз, бефарқ бўлмаслигингизни сўраймиз, бизга мурожаат қилинг ва биз биргаликда муаммонинг ечимини топамиз!» — деди Танзила Норбоева.

У ушбу муаммо билан курашишнинг ҳуқуқий асосини яратиш мақсадида «Маиший зўравонликнинг олдини олиш ҳақидаги» Қонун лойиҳаси устида иш олиб борилаётганини эслатиб ўтди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, бутун дунёда ҳар учинчи аёл (35%) ҳаёти давомида у ёки бу турдаги зўравонликка дуч келади.