Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Жиззах вилояти ҳокимияти ҳамда Жанубий Кореянинг Ер, инфратузилмалар ва транспорт вазирлиги ўзаро англашув тўғрисидаги меморандумни имзолади, дея хабар қилди агентлик матбуот хизмати «Газета.uz"га.Жанубий Корея вазирлиги ҳамда Korea Land & Housing Corporation, Deloitte Anjin, Posco Daewoo, Dohwa Engineering ва бошқа давлат архитектура-қурилиш компаниялари вакиллари Жиззах вилоятига ташриф буюриб, ҳудуд инфратузилмаси билан танишди.

Шаҳарсозлик, ҳудудий режалаштириш соҳаларидаги ҳамкорлик доирасида имзоланган уч томонлама ҳужжатда Жиззах шаҳри бош режаси концепцияси ҳамда вилоятнинг бошқа ҳудудлари ва аҳоли пунктлари режаларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, семинарлар, анжуманлар, ўзаро ташрифлар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш орқали мутахассислар ва экспертлар ўртасида тажриба ва маълумот алмашиш белгиланган.