Жорий йилнинг 7 сентябрь куни Сенатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоевнинг ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Дендев Бадарч билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг матбуот хизмати хабар берди.

Томонлар икки томонлама муносабатлар истиқболига, маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантиришга, Ўзбекистоннинг маданий меросини тарғиб қилиш тадбирлари ўтказилишига тааллуқли масалаларни муҳокама қилдилар.

Дендев Бадарч Ўзбекистонда маданият, фан ва таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади ва мамлакатимиз бебаҳо миллий маданий меросининг сақланишига давлат даражасида юксак эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Суҳбат чоғида томонлар Парижда имзоланиши кутилаётган Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлик қилиш дастури мамлакат моддий ва номоддий маданий меросини сақлаш, таълим, фан ва маданиятни янада ривожлантириш бўйича самарали алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.