Яқинда Самарқанд шаҳрида муқаддам ўта оғир жиноятлар содир этиб, яшириниб юрган тожикистонлик Қобилбек Самандаров (исм-фамилиялар ўзгартирилди) ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раисининг ўринбосари Ўткир Мамадалиев «Газета.uz"га маълум қилди.

1985 йилда Панжикент шаҳрида туғилган, ўзбек миллатига мансуб Қ. Самандаров 2011—2014 йилларда тергов жараёнида аниқлаш имкони бўлмаган йўллар билан қўлга киритган кўп миқдордаги «опий» гиёҳвандлик воситасини Ургут туманида яшовчи бир гуруҳ шахслар билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, Ўзбекистонга олиб ўтиш билан шуғулланиб келган.

Қ. Самандаров жиноий шериклари билан ўзаро алоқани мустаҳкамлаш мақсадида қонунчилик асосида ўрнатилган талабларни қўпол тарзда бузган. Аниқроқ айтганда, Қ. Самандаров шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, чегара назорат постларини четлаб ўтиб, Ургут тумани ҳудуди орқали Ўзбекистонга кириб келган.

Судланувчи Қ. Самандаров 2012 йилнинг бошларида Ургут тумани «Қатағон» қишлоғида яшовчи Ғ. Асроров ҳамда дастлабки терговда шахсини аниқлаш имкони бўлмаган «Зайни» исмли шахслар билан кўп миқдордаги «опий» гиёҳвандлик воситасини Ўзбекистон Республикасига контрабанда қилиш бўйича жиноий режа тузади.

Қ. Самандаров «Зайни"дан 40 килограмм «опий» гиёҳвандлик воситасини ҳар бир килограммини 900 АҚШ долларидан сотиб олади.

Шундан сўнг у бу гиёҳвандлик воситасини чегара назорат постларини четлаб, сим тўсиқлар остидан ўтиб келган Ғ. Асроровга Панжикент туманининг Ямонқия қишлоғи ҳудудида ҳар бир килограммини 1 000 АҚШ долларидан сотиб юборади. Ўз навбатида, Ғ. Асроров 40 килограмм гиёҳвандлик воситасини келгусида сотиш мақсадида мамлакатимизга контрабанда йўли билан олиб киради.

Шуни қайд этиш керакки, гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланаётган жиноий гуруҳ аъзолари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан таъқиб қилинаётганини сезгач, Ғ. Асроров 2012 йилнинг 18 апрель куни уйининг оғилхонасида сақлаб келаётган 41 килограмм 31,52 грамм «опий» гиёҳвандлик воситасини қариндоши М. Ёрмаматованинг уйи болахонасига яшириб қўяди.

Маълумки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора томонидан жиноий қилмиш тўғрисида шубҳа-гумон туғилдими ёки маълумот олиндими, албатта, ўрганиб чиқилади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага хабар келгач, Ғ. Асроровнинг уйида ҳам тинтув ўтказилди. Бироқ жиноятга алоқадор бирон-бир ашё топилмади. Фақат Ғ. Асроров виждони қийналдими ёки бошқа сабабми, кутилмаганда қилмишини тан олди. Гиёҳвандлик воситасини қариндошининг уйига яшириб қўйгани ва бу заҳри қотилни ихтиёрий равишда тақдим қилишини айтди. Шу тариқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора томонидан М. Ёрмаматованинг уйи болахонасидан иккита полиэтилен қопга солинган 41 килограмм 31,52 грамм гиёҳвандлик воситаси тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.

Мазкур жиноят иши юзасидан ўтказилган суд мажлисида гувоҳ О. Бердиқулов берган кўрсатма жиноий гуруҳнинг кирдикорлари нақадар оғир эканлигига тўлиқ ойдинлик киритади. Бу жиноий қилмишлар ҳам ўша 2012 йилнинг ёз ойларида содир этилган.

Қ. Самандаров «Фурқат» исмли шахс билан бирга О. Бердиқуловнинг уйига уч маротаба 10 килограммдан «опий» гиёҳвандлик воситасини олиб келиб берган. О. Бердиқулов эса, бу гиёҳвандлик воситасини сотиб, пулини Қ. Самандаровга берган.

— Орадан икки йил ўтгач, тасодифан бозорда Қ. Самандаровга дуч келиб қолдим, — дейди О. Бердиқулов. — Адашмасам, 2014 йилнинг 20 январь куни эди. Қобилбек менга яқинда 30 килограмм «опий» юборишини, уни уйимда вақтинча сақлаб туришим лозимлигини, телефон орқали кимга топширишимни айтишини билдирди.

О. Бердиқулов аввалига қўлга тушиб қолишдан қўрқиб, оғуфурушнинг таклифини рад этади. Қ. Самандаров эса, унга бир пайтлар берган 5 минг АҚШ доллари қарзини эслатади. «Агар таклифимга рози бўлсанг, қарзимдан кечиб юбораман,» дейди у.

Хуллас, 2014 йилнинг 11 март куни ярим тунда 30 килограмм «опий» қишлоқ чеккасидаги ҳовуз бўйига олиб келинади. Аммо жиноятчилар ўзларининг мақсадига етолмайди. Нега деганда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари «юк» билан бирга О. Бердиқуловни ҳам жиноятга алоқадорлиги учун қўлга олади.

Навбатдаги гувоҳ С. Каримқуловнинг суддаги кўрсатмаси билан танишган киши Қ. Самандаров ва унинг ургутлик гумашталари наркобизнес ортидан жамиятга, инсон сиҳат-саломатлигига оғир зарар етказганига ишонч ҳосил қилади.

Аниқроқ айтганда, Қ. Самандаров билан С. Каримқуловнинг ўзаро жиноий келишуви туфайли Ўзбекистонга катта миқдордаги гиёҳвандлик моддаси олиб кирилади. 2011 йилнинг февраль ойидан 2012 йил август ойига қадар Қ. Самандаров Ўзбекистон ҳудудига саккиз маротаба 10 килограммдан «опий» гиёҳвандлик воситасини ўтказган. С. Каримқулов ҳар бир килограмм гиёҳвандлик воситаси учун Қ. Самандаровга 1300−1500 АҚШ доллари берган, унинг ўзи эса, заҳри қотилнинг ҳар бир килограмми устига 300−500 АҚШ доллари қўйиб, танишларига сотган.

С. Каримқуловнинг яқин қариндоши Дилшод ҳам текин даромад деса, ўзини томдан ташлайдиганлардан эди. Шу боис у Салоҳиддинга гиёҳвандлик воситалари олди-сотдисига ўзини шерик қилиб олишни илтимос қилади. Шу тариқа Д. Каримқулов ҳам охирини ўйламай дунёда хатарли ажал номини олган «опий» гиёҳвандлик воситаси олди-сотдисига аралашиб қолади.

Воқеа тафсилотига тўхталадиган бўлсак, икки қариндош гўёки ўлжасини пойлаб ётган ўғри мушукдек чегара томонга кўз тикиб турган Қ. Самандаров билан 2012 йилнинг 9−10 октябрь кунлари 20 килограмм «опий» гиёҳвандлик воситасини контрабанда қилиш ҳақида ўзаро келишишади. Орадан тўрт кун ўтиб, ана шу «юк» чегарадан ўтказилаётган пайтда чегара посбонларининг ҳушёрлиги туфайли жиноят фош бўлади. Д. Каримқулов қўлга олинади. Талвасага тушган Қ. Самандаров эса, қочиб кетади.

2017 йилнинг 21 июль куни «Бекзод» исмли шахс ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага тожикистонлик Қ. Самандаров кўп миқдордаги «опий» гиёҳвандлик воситасини Самарқанд вилояти ҳудудида сотиб беришни илтимос қилиб, гиёҳвандлик воситаси турган жойни маълум қилгани ҳақидаги ариза билан мурожаат қилади. Шундан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан Самарқанд шаҳар «СамРафоаттекстил» масъулияти чекланган жамияти биноси атрофидаги ташландиқ ҳудуддаги бетон плита ости кўздан кечирилганда, бир дона қора рангли целлофан пакет борлиги аниқланади.

Целлофан пакет очиб кўрилганда унинг ичида 4 килограмм 260,94 грамм «опий» гиёҳвандлик воситаси борлиги маълум бўлади.

Суруштирув ва дастлабки терговда аён бўлдики, бетон плита остига қўйилган гиёҳвандлик воситаси «қаҳрамонимиз"нинг навбатдаги жиноий қилмиши экан.

Тақиқланган заҳри қотил контрабанда йўли билан Ўзбекистонга олиб ўтилган.

Аниқроқ қилиб айтганда, Қ. Самандаров дастлабки терговда аниқлаш имкони бўлмаган «Раис» исмли шахс билан Тожкистондан Ўзбекистон Республикасига гиёҳвандлик воситаларини контрабанда қилиб даромад олиш юзасидан жиноий режа тузган. Ушбу режага кўра, «Раис» ўзида мавжуд бўлган «опий"нинг ҳар бир килограммини 3 минг АҚШ долларидан жиноий шериклари орқали Самарқанд шаҳрига етказиб бериши, Қ. Самандаров эса, танишлари орқали унинг савдосини амалга ошириши лозим эди. Қ. Самандаров худди шу мақсадда Ургут туманида яшовчи «Шавкат» исмли шахсга қўнғироқ қилиб гиёҳвандлик воситаларини сотиб беришни сўраган. Хориж фуқароси ва ургутлик оғуфурушлар фаолиятига шу тариқа чек қўйилди.

Терговда ва судда ҳар бир ҳолатга тўлиқ ойдинлик киритилди. Юқорида келтирилган воқеа тафсилотларидаги Қ. Самандаров билан жиноий тил бириктириб, гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланган кимсалар ўз вақтида суднинг қора курсисида ўтириб, қонун олдида жавоб беришган. Айримлари қамоқ жазосини ўтаб қайтишган. Баъзилари ҳамон темир панжара ортида умрини кун санаб ўтказмоқда.

Суд судланувчи Қ. Самандаровни Жиноят кодексининг 223-моддаси 2-қисми «б», «в» бандлари, 246-моддаси 2-қисми ва 273-моддаси 5-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди. Унга нисбатан айбланган ҳар бир модда бўйича алоҳида-алоҳида жазо тайинлаб, Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 18 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди.

Жазонинг муқаррарлиги таъминланди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, ўзгалар ҳаёти, осойишта турмушига рахна солувчи оғу — гиёҳвандлик воситаларини пуллаш эвазига мўмай даромад орттиришга уринганлар муқаррар қонуний жазога тортилади. Шундай экан, умрнинг ҳар бир лаҳзасини ғанимат билиб, ҳалол меҳнат эвазига умргузаронлик қилиш хонадонимизга файз, рўзғоримизга қут-барака бахш этишини доимо ёдда тутайлик.