Жиззах вилоятида қишлоқ аҳолиси Жиззах цемент заводи атмосферага чиқараётган кўп миқдордаги оҳак кукуни ва тупроқ чангидан шикоят қилмоқда. Завод фаолияти билан танишиш учун борган «Халқ сўзи» мухбирлари ноқулай экологик вазиятга гувоҳ бўлди.

«Мазкур завод фаолияти ва ишчи-хизматчиларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш мақсадида корхонага эрталаб соат 8:10да ташриф буюрдик. Аммо бизга раҳбарият йиғилиш ўтказаётгани ва йиғилиш икки-уч соат давом этишини маълум қилишиб, кутиб туришимизни билдиришди», — деб ёзади мухбир.

Фото: Бахтиёр Акромов / «Халқ сўзи».

Ҳамза қишлоғи аҳолиси билан суҳбатда оҳак кукуни ва тупроқ чанги апрелдан буён атмосферага чиқарилаётгани маълум бўлди.

«Ҳар куни эрталаб соат 5−6 лардан бошлаб устимизга оҳактош кукуни ёға бошлайди ва бу ҳолат тушдан кейинги соат 16−17 ларда камая бошлайди. Биз бу вақтда уйдан чиқмасликка ҳаракат қиламиз. Барибир чанг ва кукун уй ичига кириб кетади. Болалар билан оғзимиз ва бурнимизни беркитиб оламиз. Қишлоқнинг деярли барча аҳолиси касалликка чалинган. Ишонмасангиз барча уйларга кириб чиқинг. Ҳар куни шу чангда 5−6 километр юриб аравада сув ташиймиз. Уйга олиб келган сувимиз ювинишимизга базўр етади», — дейди қишлоқда яшовчи Ҳамида Нормуродова.

«Мен шу корхонада экскаваторчи бўлиб ишлайман, — дейди ўзини таништиришни истамаган яна бир шу қишлоқда яшовчи фуқаро. — Ҳозир иш вақти. Тоғда юк ортишим керак. Афсуски ишлай олмайман. Чанг ва оҳак кукунини қаранг устингиздан челак билан қуйгандек бўляпти. Бу туришда ишлаб бўладими. Шамол ўз йўналишини ўзгартирса шунда иш бошлаймиз. Корхона раҳбариятининг бундан хабари бор. Тозаловчи фильтр куйганига неча ойлар бўлди. Уни тузатиш борасида амалий ҳаракатлар қилинмаяпти. Бундан эса нафақат маҳаллий аҳоли вакиллари, балки атроф-муҳитга ҳам жиддий зарар етмоқда».

Фото: Бахтиёр Акромов / «Халқ сўзи».

Чўпонлар, Оқ-том қишлоғи аҳолисининг айтишича, кейинги беш ой давомида заводда тозалаш ускуналари ишламаса-да завод ишлаб тургани учун атрофдаги қишлоқлар ва чўпонлар жуда катта зарар кўришмоқда. Хусусан, қўйлар оҳак кукуни ва цемент тушган ўт-ўлан ва янтоқни ейиши натижасида ўтлаб юрган ёки ғўрада ўлиб қолмоқда. Қишлоқларда бадбўй ҳаводан нафас олишнинг имкони бўлмаяпти. Полиз ва бошқа экинлар сўлиб қолмоқда.

Фото: Бахтиёр Акромов / «Халқ сўзи».

Нашрнинг маълум қилишича, корхона бир кеча-кундузда тўлиқ қувват билан ишлаганда ҳавога 10−12 тонна чиқинди чиқаради. Бироқ бугунги кунда заводдан бир кунда 200 тоннага яқин чиқинди ҳавога чиқиб кетмоқда.