Ўзбекистон-Миср бизнес-форуми ва кооперацион биржа иштирокчилари томонидан умумий қиймати 470 миллион доллар бўлган, шу жумладан Миср банклари билан ҳамкорликда 60 миллион долларлик кредит битимларини ўз ичига олган сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича битимлар имзоланди. Тадбирлар Миср Араб Республикаси Президенти Абдул-Фаттаҳ Саид Ҳусайн Халил Ас-Сисининг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи доирасида амалга оширилди. Бу ҳақда Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Савдо-иқтисодий йўналишнинг фаол вакилларини бирлаштирган ушбу бизнес-форум биринчи навбатда икки давлат ўртасида савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси ҳамда туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилди.

Ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ўз нутқида товар айирбошлаш даражаси Ўзбекистон ва Мисрнинг улкан иқтисодий имкониятларига мутлақо мос келмаслигини таъкидлаган ҳолда мавжуд захиралардан ҳамда имкониятлардан самарали фойдаланиш икки мамлакат иқтисодиётининг салоҳиятини анча оширишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Тадбирда соҳага таалуқли вазирлик, идоралар, шунингдек Миср ҳамда Ўзбекистондаги йирик компания ва корхоналар раҳбарлари иштирок этишди.

«Мисрлик ишбилармонлар Ўзбекистонни келажакда нафақат Марказий Осиёда, балки бошқа қўшни давлатларда ҳам мамлакатлар билан инвестициявий, технологик ва ташқи савдо алоқаларини кенгайтириш учун платформа яратадиган улкан салоҳиятга эга давлат сифатида кўради», — деб шарҳ берди Миср Араб Республикаси инвестиция ва халқаро ҳамкорлик вазири маслаҳатчиси Реда Бебарс.

Бизнес-форум давомида томонлар ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида икки мамлакат ўртасида ҳудудлараро алоқаларни ўрнатиш муҳимлигини таъкидладилар. Бу борада 2018 йил август ойида Искандария ва Наманган вилоятлари ўртасида ташқи савдо, инвестиция, маданий, ижтимоий, илмий-техникавий ва сайёҳлик соҳалари бўйича ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан шартнома имзоланган эди.

Бизнес-форум бошланишидан бир неча соат аввал иштирокчилар туризм, фармацевтика, электротехника, ноёб металлар ишлаб чиқариш, мева-сабзавот ва логистика марказини яратиш каби ўзаро манфаатли иқтисодий лойиҳалар бўйича музокаралар олиб боришди. Натижада юқорида айтиб ўтилганидек, жами 470 миллион долларлик инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича бир нечта шартномалар имзоланди, жумладан, Ўзбекистон Миллий банки Афроэкзимбанк ва Қоҳира банки билан 60 миллион долларлик кредит шартномалари, шунингдек, пахта толаси ва мис қувурларини етказиб бериш учун 13 миллион долларлик экспорт шартномалари имзоланди.

Бундан ташқари, икки мамлакат савдо палаталари ўртасида ишбилармонлар кенгашини тузиш тўғрисидаги битим имзоланди. Ушбу кенгашнинг биринчи мажлиси 2018 йил охиригача бўлиб ўтадиган ҳукуматлараро қўшма комиссия йиғилишлари доирасида ташкил қилиниши режалаштирилган.

Таъкидлаш жоизки, мазкур бизнес-форум икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги музокаралар жараёнининг мантиқий давомидир. Даставвал 2018 йил август ойида Ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев бошчилигида Ўзбекистон делегацияси савдо, инвестициялар ва саноат кооперацион алоқаларини ривожлантириш мақсадида Миср Араб Республикасига ташриф буюрган эди. Ташриф доирасида ҳукумат аъзолари, сайёҳлик, қурилиш, фармацевтика, нефть ва кимё саноати вакиллари билан 80 дан ортиқ икки томонлама учрашувлар ва музокаралар ташкил этилган. Шу билан бир қаторда Искандария ва Калюбия вилоятларининг саноат объектларига ташриф уюштирилиб, Б2Б форматидаги 3 та бизнес-форум ҳамда кооперацион биржалар ўтказилган.

Ташриф якунларига кўра, Ўзбекистон ва Миср ташкилотлари ҳамда компаниялари билан биргаликда ўзаро савдо алоқаларини ривожлантириш, самарали таъминот тизимини яратиш ва маҳсулотларни ўзаро бозорга олиб чиқиш мақсадида Қоҳира ва Искандария шаҳарларидаги кўргазма заллари билан савдо уйларини барпо этиш бошланди.