Ўзбекистон ва Россия бош вазирлари Абдулла Арипов ҳамда Дмитрий Медведов Ўзбекистон ҳудудида атом электр станциясини қуриш тўғрисидаги битимни имзолади, дея хабар қилди РФ ҳукумати матбуот хизмати. Маросим 7 сентябрь куни Москвада Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 19-йиғилиши якунлари бўйича бўлиб ўтди.

Битим Ўзбекистон ҳудудида атом электр станциясини лойиҳалаштириш, қуриш, фойдаланишга топшириш ва фойдаланишдан чиқариш бўйича ҳамкорликни кўзда тутади. Мазкур АЭС Россия лойиҳаси бўйича сув-сув энергетик реактор асосидаги ҳар бири 1,2 ГВт қувватга эга бўлган иккита энергоблокдан таркиб топади.

Ўзбекистон ҳукумати атом электр станциясини қуришда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қарор учун Россия Федерацияси раҳбариятига миннатдорчилик билдирди.

«Бу Ўзбекистон президенти томонидан қабул қилинган жуда муҳим қарор, — деди Абдулла Арипов. — Биз россиялик ҳамкасбларимизга мазкур масалага ўта асосли, фундаментал ёндашгани ва Ўзбекистонга шерик сифатида муносабатда бўлаётгани учун миннатдорчилик билдирамиз».

РФ ҳукумати раҳбари Ўзбекистон билан атомдан тинч мақсадда фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлик амалий аҳамият касб этганидан мамнун эканини билдирди. У майдончада қидирув ишлари бошланганини маълум қилди.