Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 августдаги «Йўл ҳаракати хавфсизлиги кунини ўтказиш ва йўл-транспорт ҳодисалари профилактикасининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида Тошкент вилояти ЙҲХБ томонидан тадбир ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Маълумки, Ўзбекистонда ҳафтанинг ҳар жума куни «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғибот куни» ўтказилади. Шу муносабат билан вилоят йўл патруль хизмати инспекторлари бугун эрта тонгдан ўз хизмат фаолиятини мактаб ва коллежларда ўқувчи болаларни йўлдан хавфсиз ўтишини таъминлашдан бошлади.

Улар фуқаролик жамияти институтлари ва Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари билан ҳамкорликда ўқув муассасалари, йўловчи ташувчи ташкилотлар ва одам кўп тўпланадиган жойларда «Йўл ҳаракати қоидаларига сўзсиз риоя қилайлик» мавзусида тарғибот ишларини амалга оширди.

Аҳоли, айниқса, ёшларнинг йўл ҳаракати қатъий риоя этишларини таъминлаш, нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тарқатма материаллар — қўлланма, буклет ва флаерлар тарқатилди.