7 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ўринбосари С.Ортиқованинг ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) сайлов бўйича департаменти раҳбари ўринбосари Р. Лаппин бошчилигидаги ЕХҲТ ДИИҲБ ва Венеция комиссияси делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув чоғида Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси лойиҳаси уни такомиллаштириш учун таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида муҳокама этилди.

Маълумки, ушбу ҳужжат тегишли хулосалар олиш учун халқаро ташкилотларга, шу жумладан ЕХҲТ ДИИҲБ ва Венеция комиссиясига юборилган эди. ЕХҲТ ДИИҲБ ва Венеция комиссияси раҳбариятининг ахборотига кўра, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳаси бўйича қўшма хулосаси Венеция комиссияси томонидан жорий йил 18−20 октябрь кунлари Венеция шаҳрида бўлиб ўтадиган унинг 116-ялпи мажлисида қабул қилинади.

Таъкидлаш лозимки, ЕХҲТ ДИИҲБ ва Венеция комиссияси сайловларни кузатиш ва сайлов амалиётини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш соҳасида нуфузли халқаро ташкилотлар ҳисобланади. Ташкилотлар томонидан сайлов, референдумлар ва сиёсий партияларга доир масалалар юзасидан 130 дан ортиқ хулоса тайёрланди ва 60 дан зиёд ҳужжат қабул қилинди.