Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги тиланчилик учун жиноий жавобгарликни кучайтириш таклиф қилинмоқда. Ўзбекистон норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, аэропорт, вокзал, парк, дам олиш масканлари, бозорлар ва савдо мажмуаси ҳудудлари, шунингдек, уларга тегишли ҳудудлар — автотранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойлари, бекатлар, автотранспорт воситалари ўтадиган йўл қисмлари, маданий ва маънавий мерос объектлари жойлашган ҳудудлар, барча турдаги жамоат транспортлари ва бошқа жамоат жойларида фаол тарзда пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа қимматбаҳо буюмлар сўрайдиганлар 300 соатдан 600 соатгача жамоат ишларига жалб қилиш ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликдан чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Худди шундай ҳаракатлар вояга етмаган шахс иштирокида ёки ундан фойдаланган ҳолда, шунингдек, руҳий хаста, ногиронлиги бор шахслар, ўзини ногирон қилиб кўрсатган одамлар, ёки мажбуран наркотик ва психотроп моддалар, алкоголь маҳсулотлари истеъмол қилган, лекин ақлий фаолиятига путур етмаган шахслар содир этилса 300−600 соатдан 400−800 соатгача жамоат ишларига жалб қилиш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Айни пайтда Жиноят кодексининг 127-моддасида вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш уч йилгача муддатга озодликдан маҳрум этиш чорасини қўллаш кўзда тутилган.

Ҳужжат муҳокамаси 18 сентябргача давом этади.