6 сентябрь куни Тошкентдаги «Ўзбекистон» спорт мажмуасида кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси президенти соврини учун халқаро мусобақа ўтказилди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Баҳслар мутлақ вазн тоифасида ташкил қилинди. Жаҳоннинг 40 га яқин мамлакатидан полвонлар иштирок этган мусобақа финалига икки нафар ўзбекистонлик курашчи етиб борди. Бекмурод Олтибоев ва Шерали Жўраев ўртасидаги финал беллашувида эса Шералининг қўли баланд келди ва якунда у мусобақа ғолибига айланди.

Шерали олтин медаль билан бирга мусобақа ғолиби учун аталган 50 000 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пулига ҳам эга чиқди.

Иккинчи ўрин соҳиби Бекмурод Олтибоевга 25 000 АҚШ доллари насиб қилди. Бронза медалини қўлга киритган спортчилар Аслан Камбиев (Россия) ва Темур Раҳимов (Тожикистон) эса 10 000 АҚШ долларини қўлга киритди.

Шунингдек, 5−8 ўринни қўлга киритган спортчиларга 1250 АҚШ доллари миқдорида мукофот топширилди.