6 сентябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Шаҳрисабзда Халқаро мақом санъати анжумани очилиш маросимида иштирок этиб, нутқ сўзлади.

«Мамлакатимизда биринчи бор ўтказилаётган ушбу санъат байрамида дунёнинг 73 та давлатидан келган 300 га яқин иштирокчилар ва меҳмонлар қатнашмоқда. Уларнинг орасида нафақат ўз юртида, балки жаҳон миқёсида ҳам машҳур хонанда ва созандалар,маданият ва санъат арбоблари,мусиқашунос олимлар борлиги барчамизга катта мамнуният бағишлайди», — деди президент ўз нутқида.

Мақом санъати ҳақида сўзлар экан, президент бу ноёб бойликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, ундан дунё аҳлини баҳраманд қилиш, келгуси наслларга безавол етказиш турли қитъа ва мамлакатлар вакилларини бу гўзал масканда мужассам этган анжуманнинг асосий мақсади эканини таъкидлаб ўтди.

«Самарқанд вилоятининг Мўминобод қишлоғидан топилган 3 минг йиллик най чолғуси, Термиз яқинидаги Айритом археологик ёдгорлигида акс этган созандалар тасвири ва бошқа кўплаб мисоллар миллий мусиқа санъатимиз, ҳеч шубҳасиз, бой ва қадимий тарихга эга эканидан далолат беради», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

«Халқимиз бадиий тафаккурининг маҳсули бўлган „Шашмақом“, яъни, олти мақомни, таъбир жоиз бўлса, олти азим дарёга қиёслаш мумкин. Бу дарёлар асрлар давомида жаҳон маданият уммонига қуйилиб, уни ҳар томонлама тўлдириб, бойитиб келмоқда. Шунинг учун ҳам бу муаззам мусиқий дурдона ЮНЕСКО томонидан жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилгани чуқур маъно ва аҳамиятга эга, деб ўйлайман», — деди президент ўз нутқида.

«Агар биз асл, ҳақиқий санъатни билмоқчи, ўрганмоқчи бўлсак, аввало мумтоз мақом санъатини билишимиз, ўрганишимиз керак. Агар биз санъатни, маданиятни кўтармоқчи бўлсак, аввало мумтоз мақом санъатини кўтаришимиз керак. Мақом оҳанглари, мақом руҳи ва фалсафаси ҳар бир инсон қалбидан, аввало, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизнинг онги ва юрагидан чуқур жой олиши учун бор имкониятларимизни сафарбар этишимиз зарур», — деди давлат раҳбари.

«Ўйлайманки, бугунги анжуман олдимизда турган муҳим назарий-амалий муаммоларни атрофлича муҳокама қилиш, бу борада халқаро тажриба, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, Интернет имкониятларидан кенг фойдаланиш, турли маданий ва ижодий ташкилотлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, ўзаро борди-келдиларни йўлга қўйиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиши айни муддао бўлур эди», — дея қайд этди Шавкат Мирзиёев.

Президент ўз нутқи сўнгида барча иштирокчиларни халқаро мақом анжумани очилгани билан табриклаб, анжуман ишига муваффақият тилайди.