Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан спорт жиҳозлари ва инвентарларни харид қилишда шаффоф тизимни яратиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб қувватлаш, улар орасида энг илғор сифат кўрсаткичи юқориларини ўрганиш мақсадида жорий йилнинг 7 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги Таэквондо WTF ассоциациясининг спорт залида кўргазма ташкил қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 мартдаги «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони мувофиқ жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришда халқаро стандартларга жавоб берадиган сифатли маҳаллий спорт асбоб-ускуналари ва инвентарларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда қўллаб-қувватлаш вазифалари белгиланган эди. Мазкур кўргазма қарор ижросининг бажарилиши доирасида ўтказилди.

Кўргазмани Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев очди. Тадбирда 15 га яқин маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўзлари ишлаб чиқарган 90 дан ортиқ турдаги маҳсулотлари билан иштирок этишди. Унда ёшспортчилар томонидан кўргазмали чиқишлар амалга оширилди. Хусусан, гимнастика бўйича ихтисослаштирилган олимпия заҳиралари болалар-ўсмирлар мактаби ўқувчилари, бокс ва дзюдо бўйича, Тошкент шаҳар яккакураш спорт турларига ихтисослашган болалар-ўсмирлар мактаби ўқувчилари, таэквондо WTF, ўзбек жанг санъати спорт тури бўйича кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.

Жорий йилда республикадаги спорт иншоотлари учун Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 90 турдаги 30 млрд. сўмлик спорт жиҳозлари ва инвентарларини харид қилиш режалаштирилмоқда. Уларнинг барчаси маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналардан сотиб олиниб, ғолибларни аниқлашда шаффоф ва адолатли тизим йўлга қўйилади.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, спорт соҳаси вакиллари ва барча қизиқувчилар мазкур кўргазмада иштирок этди.