Қирғизистоннинг Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинларида аба гюлеши (Туркия кураши) бўйича ўтказилган баҳсларда Алишер Худойбердиев (-80 кг) олтин, Ислом Носиров мутлақ вазн тоифасида бронза медалини қўлга киритди. Гюлеш (Азарбайжон кураши) бўйича ўтказилган ўйинларда эса Шерали Шодмонов (-80 кг) бронза медалига сазовор бўлди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Шунингдек, кеча, 6 сентябрь куни ўтказилган кўпкари бўйича ярим финал баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси Қозоғистон жамоаси устидан 5:4 ҳисобида ғалаба қозониб, финал йўлланмасини қўлга киритди. Финал баҳслари бугун, Тошкент вақти билан 17:00да Чўлпон-Ота шаҳридаги «Ипподром» аренасида ўтказилади ва унда Ўзбекистон вакиллари мезбон Қирғизистон жамоаси билан беллашади.

7 сентябрь куни ўзбекистонлик спортчилар кураш ва самбо турлари бўйича ҳам баҳсларга киришишди ва дастлабки натижалар қайд этилди. Кураш бўйича жамоа аъзолари Муҳриддин Тиловов (-66кг) ва Темурхон Тўраев (-81 кг) ўйинларнинг олтин медалини қўлга киритди.