6 сентябрь куни Тошкентдаги том ёпиш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи цехда ёнғин юзага келди, дея хабар беради ИИББ матбуот хизмати.

Тошкент шаҳар ИИББ ЁҲБга соат 16:14 да Учтепа туманидаги автомобиль ҳалқа йўли ёқасидаги «Махсустранс» ҳудудида жойлашган «Борий» корхонасига қарашли цехда ёнғин бўлаётгани ҳақида хабар берилган.

Соат 16:18 да воқеа содир бўлган жойга тўртта жанговор қисм етиб борган. Ходимларнинг тезкор ҳаракатлари натижасида соат 16:36 да ёнғин тўлалигича бартараф этилган.

Ёнғин натижасида «Газель» маркали автомобиль, ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг бир қисми ва цех биноси ёниб кетган. Бир киши енгил даражада куйишни бошдан ўтказган. Қурбонлар йўқ. Ёнғин сабаби ва етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.