Ўзбекистон ОАВ журналистлари тарихда илк бор Ўзбекистондаги таълим муассасаларида зўравонликлар муаммосини фаол ёритиш масаласини муҳокама қилиш учун жам бўлди. 6 сентябрь куни Тошкентда ЮНИСЕФ томонидан шу мавзуга бағишланган анжуман ташкил этилди.

Мактабларда ўқувчилар педагоглар, бошқа ўқувчилар томонидан босимга учраши, руҳий жароҳатлар олиши мумкин.ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, Ер юзида ҳар беш дақиқада беш нафар бола зўравонликлар сабабли ҳаётдан кўз юммоқда. Бутун дунёдаги мактабларда 150 миллион бола зўравонлик ва тазйиқларга дуч келади, бу сайёрадаги 13−15 ёшли болаларнинг ярми дегани.

Мактабларда мазкур жараённинг барча иштирокчилари — тазйиқлар ташкилотчилари ҳам, қурбонлар ҳам, кузатувчилар ҳам жароҳат олади. Болалар ўзига ишончни йўқотади, ўқиш ва давомати ёмонлашади. Тизимли тазйиқ ва зўравонликлар бола руҳиятига салбий таъсир кўрсатиб, келгусидаги муваққатлар имкониятидан маҳрум этиши мумкин.

Анжуманда ЮНИСЕФ мутахассислари журналистларга болалар муаммоларини ёритиш услублари ҳақида маълумотлар тақдим этди. Бошланғич синф ўқитувчиси ва дефектолог Раъно Макаренко Ўзбекистон мактабларидаги тазйиқларнинг ўзига хосликлари ва зарур ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди.

«Ҳар бир ота-онага шуни етказишимиз керакки, фарзандингизни мактабда уриб, камситишаётган бўлса, бу — нормал ҳолат эмас. Калтак ва жанжаллар болангизни кучли қилиб, чиниқтирмайди, улар фақатгина унга зарар етказади. Афсуски, кўплаб ота-оналар нафақат бундай «тарбия"ни ёқлайди, балки ўзлари ҳам уйда зўравонликка қўл уради. Буларга қарши билим бериш орқали курашиш керак», — деди Раъно Макаренко «Газета.uz"га.

Зўравонликларга қарши курашда самарали усул сифатида Раъно Макаренко педагогларни конфликтологияга ўқитиш, мактабда ижтимоий ходим штатини юритиш, психологларни кераксиз вазифалардан озод қилиш, мактабларда зўравонликларга муносабат билдириш баённомасини яратиш ҳамда кузатув камераларини ўрнатиш орқали мактаб ҳудуди хавфсизлигини таъминлашни таклиф қилди.

Анжуман иштирокчиларининг қайд этишича, авваллари Ўзбекистонда мактаблардаги зўравонликлар кенг ёритилмаган. Бу муаммо мавжуд эмас деб ҳисобланган. Журналистлар ОАВда мактаблардаги зўравонликлар мавзусини доимий равишда кўтариб чиқиш ва ислоҳотларга чақириш, ота-она ва педагогларни ўқитиш зарурлиги ҳақида хулоса ясади.