Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 30 августдаги «Аҳолига неврологик ёрдам кўрсатиш хизматларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори асосида Республика ихтисослаштирилган неврология ва инсульт илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил қилинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

Марказ неврологик касалликлар профилактикаси, диагностикаси ва даволашнинг ягона вертикал тизимини яратиш, давлат тиббиёт ташкилотларининг неврология бўлимларини ташкилий-услубий бошқариш, экспериментал ва клиник неврология соҳасида замонавий технологиялар ёрдамида комплекс илмий-амалий тадқиқотларни ва неврологик касалликларни ўз вақтида аниқлашга доир изланишлар билан шуғулланади.

Шунингдек, ҳужайра ва ген терапиясига доир инновацион ёндашувларни ишлаб чиқиш, скрининг тадқиқотларини татбиқ қилиш ҳамда инсульт, эпилепсия ва бошқа кенг тарқалган неврологик касалликлар қайд этилган беморларни рўйхатга олиш, неврология ва нейрореабилитология соҳасида ишловчи кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, соҳа мутахассислари учун семинар-тренинглар, маҳорат дарсларини ўтказиш ва бунда хорижий мутахассислар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган ҳолда фаолият юритади.

Мазкур тиббиёт марказига узоқ йиллар давомида Россия ва АҚШнинг қатор нуфузли даволаш муассасалари ва клиникаларида нейрохирург сифатида фаолият кўрсатган 42 ёшли Абдуфаррух Каримов директор этиб тайинланди.

Маълумот учун Абдуфаррух Каримов бунга қадар Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг нейрохирургия бўлими бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди.