6 сентябрь куни Кураш миллий спорт тури куни муносабати билан Тошкентдаги «Ўзбекистон» спорт мажмуасида кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси президенти соврини учун I Халқаро турнири бўлиб ўтади. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Мусобақа эркаклар ўртасида мутлақ вазн тоифасида ташкил қилинади. Унда жаҳоннинг 40 га яқин мамлакатидан спортчилар иштирок этиши кутилмоқда. Баҳсларда саккиз нафар ўзбекистонлик полвон қатнашади.

Турнирнинг соврин жамғармаси 100 000 АҚШ долларини ташкил қилади. Биринчи ўрин эгаси 50 000 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пулини қўлга киритади. Иккинчи ўрин 25 000 АҚШ долларига эга бўлса, учинчи ўринни банд этган полвонлар ўз ҳисобларини 10 000 АҚШ доллари билан бойитиб оладилар. Шунингдек, 5−8 ўринни эгаллаган спортчилар ҳам 1250 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пули билан тақдирланадилар.

Баҳсларга бугун соат 16:00да старт берилади. Тантанали очилиш маросими эса соат 17:00да бошланади.