Қирғизистон Республикасининг Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинлари қирғиз кураши бўйича ўзбекистонлик спортчилар Миркомил Аҳадқулов (-60 кг) ва Аъзамжон Анваржонов (-96 кг) бронза медалини қўлга киритди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ўйинлар давомида барча катта қизиқиш билан кузатиб бораётган улоқ кўпкари баҳсларида ҳамЎзбекистон кўпкари бўйича миллий терма жамоаси муваффақиятли иштирок этмоқда. Ўзбекистон кўпкари бўйича миллий терма жамоаси 2018 йил 3 сентябрь куни ўтказилган Бошқирдистон Республикаси билан ўйинда 20:2 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, 5 сентябрь Франция жамоасини 19:6 ҳисоби маблуғ этиб ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.

«B» гуруҳида ярим финал баҳслари бугун, 6 сентябрь куни Тошкент вақти билан 17:00 да Чўлпон-Ота шаҳридаги «Ипподром» аренасида ўтказилиб, унда Ўзбекистон терма жамоаси Қозоғистон Республикаси терма жамоалари билан баҳсга киришадилар. Ғалаба қозонган жамоа «А» гуруҳидаги Қирғизистон ва Россия термалари ўртасидаги ўйинларда ғолиб чиққан жамоа билан финалда учрашади.

Бугун, 6 сентябрь санасида Ўзбекистон вакиллари гюлеш (Азарбайжон кураши), аширтмали аба гюлеши (Туркия кураши), улоқ кўпкари турлари бўйича баҳсларга киришади.

Эслатиб ўтамиз, 2 сентябрдан 8 сентябрга қадар давом этадиган мазкур мусобақада дунёнинг 66 давлатидан ташриф буюрган 1556 нафар спортчи медаллар учун баҳс олиб бормоқда. Ўзбекистон делегацияси 13 та спорт тури бўйича 58 нафар спортчи билан иштирок этмоқда.