Боғот туманидаги Қулонқорабоғ қишлоғида яшовчи 57 ёшли Ҳа­кимбой Мадаминов ўзига қарашли боққа кўкнори ўсимлиги уруғини экди. Шу йилнинг 28 май куни Ҳ. Мадаминовнинг хонадонига туман ички ишлар бўлими ходимлари ва холис гувоҳлар кириб келишди. Уй эгаси боғ тўридаги хилват пайкал ва ундаги «ажиб манзара"ни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари назаридан яширишнинг иложини тополмади. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти судининг раиси Бобир Умаров «Газета.uz"га маълум қилди.

Ички ишлар идораси ходимлари томор­қани холислар гувоҳлигида кўздан кечираётиб, пиёз етиштирилаётган пайкалда кўкнори экини ҳам ўсаётганини кў­ришди. Пиёзлар орасида етилган «ҳосил» тезда йиғиб олинди.

Саҳни 90,52 квадрат метрдан иборат майдонда 3 минг 312 туб гиёҳвандлик воситаси — кўкнори ўсимлиги борлиги аниқланди.

Туман ички ишлар бўлими ходимлари ушбу тадбирни «Қорадори — 2018» доирасида ўт­ка­зишди. Бу жараёнда хонадон соҳибининг гиёҳфурушликка дахлдор бош­қа қилмишлари ҳам ошкор бўлди. Уй ва унинг хоналари ҳамда ҳовлини кўздан кечириш асносида ўриб олинган «ҳосил"дан ташқари кўкнорининг 480.88 грамм оғирликдаги қуритилган ва 11.8 грамм оғирликдаги ҳали қуриб битмаган ҳўл поя­си ҳам топилди. Уй эгаси ўз айбини хаспўшлаш мақсадида қандли дибет касалига чалингани, «оғу"нинг «масаллиғи» саналган кўкнорини эса, шифо воситаси деб билиши ва уни шу мақсадда экиб, ўстиргани ҳақида важ-корсонлар тўқиди.

Тергов органи Ҳ. Мадаминовни бу қилмиши учун Жиноят кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми ва 270-моддаси 1-қисми билан бир қаторда сўнгги модданинг 2-қисми билан ҳам айбдор деб топди. Бироқ Ҳ. Мадаминовга нисбатан Жиноят кодексининг 270-моддаси 2-қисми нотўғри қўлланилган. Нега деганда, Жиноят кодексининг ушбу банди Олий суд Пленумининг 2017 йил 28 апрелда қабул қилган «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга оид жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида"ги қарори талабларига кўра, муқаддам бирон-бир ножўя қилмишга қўл урган шахсларга нисбатан қўлланилади. Айбланувчи Ҳ. Мадаминов эса, муқаддам қалтис ҳаракатга қўл урмаган ва жавобгарликка тортилмаган. Бу хато судда бартараф этилди. Судланувчи ушбу айбдан халос қилинди.

Албатта, гиёҳвандлик ва гиёҳфурушлик ўта хавфли иллат саналади. Бу ҳолатни назарда тутадиган бўл­сак, ўзгаларнинг ҳаёти ва соғлиғини издан чиқариш эвазига мўмай бойлик, текин даромад олишни кўз­лаганларни кечиришга муносиб шахслар сифатида эътироф этолмаймиз. Бироқ қонуннинг карами кенг. У бамисоли меҳр-оқи­бат, инсоф-диёнат тимсоли, инсоний дарёдиллик, бағрикенглик, кечиримлилик, адолат, одиллик ва ҳолисликнинг ёрқин намунаси. Суд оғир қилмишга қўл урган гиёҳфурушни Жиноят кодексининг 25,275-моддаси 5-қисми ва 270-модданинг 1-қисми бўйича айбдор деб топган бўлса-да, унга нисбатан мазкур кодекснинг белгиланганидан ҳам кўра камроқ жазо тайинлашни назарда тутувчи 57-моддасини қўллаш мумкин, деган хулосага келди. Унинг айбига иқрорлиги, қилмишига пушаймонлиги, касаллиги, оилавий аҳволи, серфарзанд хонадоннинг соҳиби экани, муқаддам судланмагани кодекснинг ушбу моддасини қўл­лашга асос бўлди.

Хоразмда жиноят ишлари бў­йича вилоят ҳамда шаҳар ва туман судлари жорий йилнинг дастлабки ярим йили мобайнида гиёҳ­ванд­лик моддалари билан боғлиқ 88 та жиноят ишини кў­риб чиқди. Аниқроқ айтганда, факт ва далиллар вилоят судларида Жиноят кодексининг гиёҳвандлик, гиёҳфурушлик ва психотроп моддалар муомаласига тааллуқли 270−271, 273−276-моддалари бўйича жиноят ишларини кўриш ҳажмлари 2017 йилдан эътиборан ортаётганини кўрсатмоқда. Чунончи, судлар томонидан 2016 йили юқорида зикр этилган ҳолатлар бўйича 121 та жиноят иши кўрилиб, тегишли ҳукм чиқарилган бўл­са, 2017 йил якунига келиб, бу борадаги жиноий қилмишлар сони 165 тага етган. Жорий йилнинг биринчи ярмида 88 тага етди. 2017 йилнинг шу даврида эса вилоят судлари мазкур масала доирасида 46 та жиноят­ ишини кўриб, тугаллаган эди.