Ўзбекистон Бош прокуратураси Тошкент Савдо, хизмат кўрсатиш ва халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқариш департаменти ҳамда «Бек тўпи» ва «Ўрикзор» бозорлари, «Чорсу» ва «Чилонзор» буюм бозорлари, «Эски жўва», «Юнусобод» деҳқон бозорлари ва Сергели автобозори мутасадди раҳбарларига нисбатан жиноий ишни тергов қилмоқда.

Бош прокуратурадан «Газета.uz"га хабар қилинишича, иқтисодиёт асосларига қарши жиноятлар содир этгани учун августда еттита бозор раҳбарларига нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Жумладан:

  • сифатсиз маҳсулотларни сотиб олиш ва уларнинг бузилишига йўл қўйиш орқали давлатга 27,7млрд сўмлик зарар етказиш;
    бозорлар ҳудудида пулли хизматларни кўрсатишдан тушган 3 млрд сўмдан зиёд маблағларни инкассация қилмасдан ўзлаштириш;
  • аниқлаштирилмаган ва ноқонуний қурилмалар (омборлар ва енгил конституциялар) фаолиятидан тушган 2 млрд сўмдан ортиқ маблағларни ўзлаштириш;
  • савдо нуқталари фаолиятидан тушган ижара тўловларини топширмаслик йўли билан 1 млрд сўмдан ортиқ давлат маблағларини талон-тарож қилиш;
  • савдо нуқталарини сотишда тадбиркорлардан 2 дан 5 минг долларгача миқдоридаги ноқонуний мукофот пулларини олиш.

Шу муносабат билан Департамент ва бозорлар мутасадди шахсларига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми бўйича айблов эълон қилинди. Уларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.

800 млн сўмга яқин зарарни қоплагани учун «Юнусобод» бозори раҳбарлари О.Мустаев ва Б. Юсумов ҳамда 3,9 млрд сўмлик зарарни қоплаган «Тошкент озиқ-овқат захира» ДУК директори Р.Расуловга нисбатан озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чораси қўлланилди.

Тергов жараёни давом этмоқда.