Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Чуқурсой техник идора» чегара божхона пости ходимлари Фарғона вилоятидаги масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига Хитойдан келтирилган юклар ортилган контейнерни божхона кўригидан ўтказиш давомида навбатдагибожхона қоидабузарлигини фош қилишди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Юк-кузатув ҳужжатларига кўра, контейнерда 34 тонна оғирликдаги велосипед покришкалари ортилган бўлиши лозим эди. Аммо, божхона кўриги давомида контейнерда ҳужжатлардагидан ортиқча 25 минг 440 дона велосипед покришкалари ва ҳужжатларда умуман кўрсатилмаган 4 турдаги салкам 28 минг 680 дона узунлик ўлчаш асбоблари, салкам 20 минг дона электроизоляцион ленталар борлиги аниқланди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга фуқаро Х.Ё.га тегишли мазкур товар-моддий бойликларнинг тахминий қиймати 730 млн. сўмдан ортар экан.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.