Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Тошкентнинг Сергели туманида кўчадан топилган 68 ёшли аёлга ёрдам қўлини чўзди. У ҳақдаги маълумот душанба куни «Потрибитель.уз» Facebook-гуруҳида пайдо бўлган эди. Хабар муаллифининг сўзларига кўра, «тез ёрдам» уч марта уни олиб кетиб, қайтариб олиб келган.

Хотин-қизлар қўмитаси мутахассислари шу куни ҳодиса жойига борди. Маълум бўлишича, Нурия Миклюдова фарзандлари уй-жойини сотиб, Россияга кетгани сабабли доимий яшаш жойисиз қолиб кетган, дея маълум қилди қўмита матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Тиббий кўрикдан сўнг аёл Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази кардиология бўлимига ётқизилган. Вазият Хотин-қизлар қўмитаси ва Сергели туман ҳокими ўринбосари назорати остига олинган.

Тиббий ёрдам олганидан сўнг аёл бошқа тиббиёт муассасасига ўтказилиб, ҳужжатларини тиклаш ва яшаш жойи билан таъминлаш бўйича чоралар кўрилади.