Собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров иши бўйича гумонланаётган тадбиркор Алишер Ходиев Ўзбекистон Бош прокуратураси қарорига асосан Испанияда ҳибсдан озод қилинди. Бу ҳақда «Газета.uz"нинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги ахборот манбаси хабар берди.

Алишер Ходиев пул «ювиш», фирибгарлик ва жиноий йўллар билан олинган даромадларни легаллаштиришда айбланмоқда.

Ҳибсда сақланаётган Алишер Ходиев ўз мурожаатида Ўзбекистонга кўнгилли равишда келиш ва терговда ҳамкорлик қилиш мақсадида эканини билдирган.

«Газета.uz» суҳбатдошининг маълум қилишича, унинг озод этилиши Ходиевга нисбатан эълон қилинган айбловларнинг бекор қилинишини англатмайди. Тергов давом этиб, унинг барча даъволари текширилади.

Иқтисодий ишларда асосий эътибор айбланувчилар томонидан етказилган зарарларнинг қопланишига қаратилгани сабабли 40 ёшли тадбиркорга Ўзбекистонга кўнгилли равишда келиш ва тергов ҳаракатларида иштирок этиш имконияти тақдим этилди.

40 ёшли Алишер Ходиев март ойида Ўзбекистон Бош прокуратураси сўрови бўйича Барселонада қўлга олинган эди. 17 июнь куни Мадрид суди халқаро қидирувда бўлган Ходиевни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақида қарор чиқарди. Бироқ 7 август куни Испания суди мазкур мамлакат Бош прокуратураси уни қидирилаётган шахслар рўйхатидан чиқаргани сабабли экстрадиция тўғрисидаги биринчи қарорни бекор қилди, дея хабар берди «Озодлик» радиоси.