Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Ўзбекистоннинг бир гуруҳ давлат арбоблари, илм-фан, таълим ва маданият вакилларига Тожикистон давлат мукофотларини топширди, дея хабар қилди Тожикистон президенти матбуот хизмати.

Мукофтлар икки давлатлар ўртасида маданий-маърифий, инсонпарвар ҳамда тожик ва ўзбек халқлари ўртасидаги дўстона алоқаларни ривожлантиришда қўшган ҳиссалари учун тақдим этилди.

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 2-даражали «Исмоил Сомоний» ордени билан тақдирланди. Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев 1-даражали «Шараф» ордени билан мукофотланди.

Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Зокиржон Алматов, Сув хўжалиги вазири маслаҳатчиси Исмоил Жўрабеков, Самарқанддаги тожик миллий маданият маркази раҳбари Абдуваҳоб Воҳидов, «Овози тожик» газетаси бўлим мудири Тўхтамиш Тўхтаев ҳамда БухДУ профессори Таваккал Чориев «Дўстлик» ордени билан мукофотланди.

Шунингдек, маданий алоқаларни мустаҳкамлашда қўшган ҳиссалари учун қўшиқчи Шерали Жўраев ҳамда Ўзбекистон миллий мақом санъати маркази «Устоз-шогирд мактаби» бўлими катта илмий ходими Мавлуда Халилова Тожикистон халқ артисти фахрий унвони билан тақдирланди.

Эслатиб ўтамиз, 29 август куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Тожикистоннинг бир гуруҳ давлат ва жамоат арбоблари, маданият, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳалари вакилларини мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди.