Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 27 йиллиги олдидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг «Ички ишлар органлари тарихи музейи» фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабар берди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги «Ички ишлар органлари тарихи музейи"нинг янги экспозициясини шакллантириш ва музей фаолиятини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги мажлис баёнида белгилаб берилган вазифалар, бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди ва қисқа фурсатларда ушбу музей замон талабларига мос тарзда ташкил этилди.

Музей тўртта бўлимдан иборат бўлиб, «Ўзбекистон ҳудудида хавфсизлик ва ички тартибни сақловчи тузилмаларнинг шаклланиши», «Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда ички ишлар органлари тизимидаги ислоҳотлар», Вазирлик соҳавий хизматлари фаолияти ва «Ички ишлар органлари тизимида кадрлар тайёрлаш, ходимларнинг касбий ва жанговар тайёргарлиги ҳамда уларнинг ижтимоий муҳофазаси» каби йўналишларни қамраб олган.