Ўзбекистон президенти 29 август куни хорижлик бир гуруҳ бизнес вакилларини «Дўстлик» ордени билан мукофотлаш тўғрисидаги фармонларга имзо қўйди.

Ўзбекистоннинг нефть ва газ секторини ривожлантириш ва углеводород ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, хомашёни қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш бўйича илғор, инновацион технологияларни соҳага жорий этиш, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш, йирик стратегик лойиҳаларни амалга ошириш ишларига қўшган катта ҳиссаси ҳамда республикамизга юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасидаги ҳамкорлиги учун «ЛУКОЙЛ» очиқ акциядорлик жамияти президенти Алекперов Вагит Юсуфович «Дўстлик» ордени билан мукофотланди.

Мамлакатда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантириш, соҳага илғор технологияларни жорий этиш, йирик ҳажмдаги хорижий инвестицияларни жалб қилиш ишларидаги фаол иштироки, Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ҳар томонлама ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги улкан хизматлари учун «КНАУФ» корхоналари гуруҳи иштирокчилари Кенгаши аъзоси Кнауф Николаус Вильгельм «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.

Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатларининг ҳар томонлама ўзаро манфаатли стратегик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасидаги катта хизматлари, икки мамлакатнинг савдо-иқтисодий соҳалардаги шерикчилик алоқаларини кенгайтириш, йирик инвестиция лойиҳалари ва дастурларини амалга ошириш ишларида юқори касбий маҳоратини намоён этиб келаётганлиги, халқларимиз ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликни давомли ривожлантиришга қўшаётган салмоқли ҳиссаси учун ҳамда таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан Америка — Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм «Дўстлик» ордени билан мукофотланди.

Ўзбекистон иқтисодиётининг нефть ва газ тармоғини ривожлантириш борасидаги катта хизматлари, йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдаги ҳамкорлиги, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш, Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга қўшган салмоқли ҳиссаси учун «CNPC» компанияси директорлар Кенгаши раиси, «PetroChina» компанияси раиси Ван Илин «Дўстлик» ордени билан мукофотланди.