Ички ишлар вазири, генерал-майор П. Бобожонов раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳ жорий йилнинг 24−26 август кунлари Бухоро вилоятининг барча шаҳар ва туманларида ўрганиш ишларини олиб борди. Бу ҳақда ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабар берди.

Ички ишлар вазири Бухоро шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 3-сонли ички ишлар бўлими биносининг тантанали очилиш маросимида иштирок этиб, хизмат фаолиятида фойдаланиш учун ажратилган янги хизмат автомашиналари топширилди. Шу билан бир қаторда, 1- ва 4-сон ички ишлар бўлимларида ҳам ходимлар ва фуқаролар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Шунингдек, Ички ишлар вазирлигига қарашли Бухоро Академик лицейи фаолияти билан яқиндан танишилди. Лицейда таълим олиш жараёнлари учун шароитларни яхшилаш мақсадида, лицей кутубхонасини бадиий адабиётлар ҳамда моддий-техник базаси билан бойитиш бўйича топшириқлар берилди.

Ўрганишлар давомида, Ички ишлар вазири Когон, Вобкент, Ғиждувон, Шофиркон туманлари ҳамда Бухоро ва Когон шаҳар ички ишлар бўлимларида бўлиб, уларда мавжуд шароитлар, шахсий таркибнинг маънавий етуклиги ҳамда ҳуқуқий саводхонлиги, раҳбар ва ходимларнинг хизмат вазифалари ижросини ташкил этишнинг самарадорлиги, тартиб-интизомга риоя этиш, аҳолидан келиб тушган мурожаатларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш аҳволини шахсан ўрганди.

Ушбу ҳудудларнинг ҳар бирида вазир томонидан раҳбарлар ва барча ходимлар иштирокида танқидий руҳда тезкор йиғилишлар ўтказилиб, ишни ташкил этиш аҳволига баҳо берилди, фаолиятда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар атрофлича муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш, айниқса жиноят ва ҳуқуқбузарликлар ҳамда фуқароларнинг норозилигини келтириб чиқарувчи ҳар қандай ҳолатларга йўл қўймаслик ва аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш бўйича шахсий таркибга аниқ вазифалар юкланди. Ўз хизмат бурчига лоқайдлик билан муносабатда бўлаётган, «халқ манфаатларига хизмат қилиш» тамойилига риоя этмаётган ходимларга нисбатан кескин чоралар кўрилди.

Шофиркон тумани ИИБга қарашли туманлараро Қўриқлаш бўлимининг қуриб фойдаланишга топширилган янги биноси очилиш маросими ҳам ўтказилди. Бўлимда ходимлар учун яратилган қулай шароитлар ҳамда замонавий ахборот технологиялари асосида фаолияти йўлга қўйилган қўриқлаш тизими билан яқиндан танишилди.

Уч кун давом этган соҳавий ўрганишларнинг якуний ҳисоботи сифатида 26 август куни вилоят ички ишлар бошқармасида Ички ишлар вазири П. Бобожонов бошчилигида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура, вилоят ҳокимлиги ва ички ишлар органлари масъул ходимлари иштирок этдилар.

Йиғилишда ички ишлар органларининг маҳаллий ҳокимлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва жамоатчилик институтлари билан ҳамкорлигини самарали ташкил этиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш чора-тадбирлари доирасида Бухоро вилоятида жами 560 та «Жамоатчилик назорати масканлари» ташкил этилганлиги, «тун» профилактик тадбирлари ўтказиб келинаётганлиги, аҳоли гавжум жойларда 2270 та объектларга видеокузатув мосламалари ўрнатилганлиги, натижада шахснинг ҳаёти ва мулкига қаратилган жиноятлар сезиларли даражада камайишига эришилганлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, фаолиятда йўл қўйилган қатор хато ва камчиликлар ҳам кўрсатиб ўтилди. Хусусан, айрим ички ишлар органлари ходимларининг фуқаролар билан муносабатларда ноўрин хатти-ҳаракатлари, раҳбарларнинг масъулиятсизлиги ва бепарволиги ҳамда қўл остидаги ходимлари устидан кунлик назоратни лозим даражада олиб бормаётганлиги оқибатида йўл қўйилган камчиликлар аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётганлиги қайд этилди.

Шу каби камчиликлар оқибатида вилоятдаги 540 та маҳалланинг 365 тасида айниқса, Бухоро шаҳридаги барча маҳаллаларда жиноят содир этилишига йўл қўйилганлиги танқид қилиниб, шаҳарнинг энг оғир ҳисобланган бешта, яъни Шайхон, Садриддин Айний, Ибн Сино, Наврўз ва Ашрафий маҳаллаларида жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар белгилаш бўйича вилоят ИИБ раҳбариятига тегишли топшириқлар берилди.

Бундан ташқари, вилоятда содир этилган жиноятлар 100 минг кишига нисбатан ҳисоблаганда 84,4 тани ташкил этгани, бу республика бўйича ўртача кўрсаткичдан ҳам юқорилиги, ўта оғир турдаги жиноятлар содир этилишининг туб сабаблари ўрганилмаганлиги, уларни бартараф этиш юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўрилмаганлиги натижасида, оила-турмуш доирасида қотиллик ва баданга оғир шикаст етказиш турдаги жиноятлар юз берганлиги қаттиқ танқид остига олинди.

Шунингдек, қўриқлаш тизими фаолиятини йўлга қўйиш, йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, аёллар ва вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, профилактик тадбирларга соғлиқни сақлаш тизимлари ҳамда ўқув юртларида фаолият олиб бораётган психологларни жалб этиш масалаларида йўл қўйилаётган камчиликлар кўрсатиб ўтилди.

Йиғилиш давомида эгаллаб турган лавозимига нольойиқ хатти-ҳаракатларни содир этган, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тўлақонли англаб етмасдан, бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган эскича иш услубида хизмат қилаётган Бухоро тумани ИИБ бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари Ш.Ўринов, Ромитан тумани ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Ж. Қурбонов, Вобкент тумани ИИБ бошлиғининг хизмат бўйича ўринбосари А.Адизов, Олот тумани ИИБ бошлиғининг хизмат бўйича ўринбосари Д.Ҳасанов, Қоракўл тумани ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Н. Юлдашов эгаллаб турган лавозимидан озод этилдилар.

Шунингдек, хизмат вазифаларини бажаришга масъулият билан ёндашмаган қатор раҳбар ва ходимларга турли даражадаги интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Йиғилиш сўнггида вилоят ички ишлар органларида иш сифатини яхшилаш, жиноятчиликка қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда бошқа долзарб масалалар бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Ишчи гуруҳ ўз фаолиятини давом эттирмоқда.