Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 август куни озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Фармонга мувофиқ, 215 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилиниб, оиласи ва яқинлари бағрига қайтарилади, шунингдек, 46 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади.

Афв этилганларнинг 5 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 135 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Фармонга кўра, афв этилган шахсларнинг ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топиши учун уларга кўмак бериш юзасидан масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.