Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29 август куни Тожикистоннинг бир гуруҳ давлат ва жамоат арбоблари, маданият, фан ва соғлиқни сақлаш соҳалари вакилларини мукофотлади.

Қоҳир Расулзода — Тожикистон бош вазири ва Сирожиддин Муҳриддин — Тожикистон ташқи ишлар вазири «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан мукофотланди.

Низом Қосим -Тожикистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ва Ташпулат Гулмуродов — Тожикистон Соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари малакасини ошириш институтининг кардиожарроҳлик кафедраси мудири «Меҳнат шуҳрати» орденига муносиб кўрилди.

Али Муҳаммадиев — Тожикистон Фанлар академияси Қўлёзмалар мероси фондининг бўлим мудири, Ифтихор Ширинджонович Джураев — Тожикистон Геодезия ва ер бошқаруви давлат қўмитасининг чегараларни делимитация ва демаркация қилиш давлат геодезия назорати инспекцияси бошқарма бошлиғи, Рахим Марупов — Тожикистон Фанлар академиясининг С.Умаров номидаги физика ва техника институти бош ходими, Ҳасан Бердиқулов — Тожикистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.

Адҳам Холиқов — «С.Айний номидаги опера ва балет академик театри» давлат муассасаси бадиий раҳбари ҳамда Давлат Холов — Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Телевидение ва радио қўмитасининг «Фалак» давлат ансамбли бадиий раҳбари «Ўзбекистон Республикаси халқ артисти» фахрий унвони билан мукофотланди.

«Қардош Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, муштарак тарихий мерос, маънавий қадрият ва анъаналарни асраб-авайлаш ва бойитиш борасидаги фаол ва самарали фаолияти, мамлакатларимиз орасида ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва кўп томонлама стратегик шерикчиликни ривожлантиришдаги хизматлари учун қуйидагилар орденлар ва фахрий унвонлар билан мукофотлансин», — дейилади ҳужжатда.