Молия вазирлиги ва ДСҚнинг қарори (рўйхат рақами 2439−6, 2018 йил 20 август) билан солиқ ҳисоботининг шаклларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Юридик шахслардан олинадиган ер солиғи тўловчи тўғрисида маълумот юридик шахсга тегишли бўлган умумий ер майдони бўйича гектарда кўрсатиладиган маълумотлар билан тўлдирилди.

Қишлоқ хўжалиги аҳамиятига молик бўлмаган ерлар учун тўланадиган ер солиғи ҳисоб-китобига 1-илова қурилиши тугалланмаган объектлар билан банд бўлган ер майдонлари бўйича кўрсаткичлар акс эттириладиган учта устун билан тўлдирилди. Бундай объектлар бўйича ер солиғи уч баравар ставкада тўланади (Солиқ кодексининг 283-моддаси 3-қисми).

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг II чорагидан солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллайдиган юридик шахслар ҳам ер солиғини тўлайдиган бўлди. Улар Қурилиш вазирлигининг қурилиш соҳасида назорат ҳудудий инспекциялари (Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳузуридаги архитектура ва қурилиш назорати инспекцияси ўрнига ташкил этилган, 2018 йилда 2 апрелдаги ПФ-5392-сон Фармоннинг 2-банди) томонидан аниқланган ер участкалари бўйича ер солиғини Солиқ кодексининг 283-моддаси 3-қисмида белгиланган тартибда тўлайдилар.