2018 йил 27 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши вахалқ депутатлари Яшнобод туман Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда сенаторлар, депутатлар, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, маҳалла раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати матбуот хизмати хабар берди.

Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев олиб борди.

Таъкидланганидек, 2017−2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастурининг ижроси доирасида барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари зиммасига Яшнобод туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қатор муҳим вазифалар юклатилган.

Қўшма мажлисда масъул вазирлик ва идоралар ҳамда Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани ҳокимликлари раҳбарларининг президент томонидан белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан чора-тадбирлар ҳақидаги ахборотлари эшитилди, шунингдек туманда соғлом овқатланишни ташкил қилиш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг аҳволи тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг жорий йил 15 августдаги «Тошкент шаҳрида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича экспериментни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ Ҳукумат, вазирликлар, идоралар ва шаҳар ҳокимлиги зиммасига пойтахтнинг инвестициялар жалб этувчанлигини ошириш бўйича қатор муҳим вазифалар юклатилди. Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига, Тошкент шаҳар ва туманлар халқ депутатлари Кенгашларига Тошкент шаҳри ва туманлари ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан самарали депутатлик назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш масаласида кўмаклашиш тавсия этилди.

Сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, туманда 4 та сектор кесимида Республика ишчи гуруҳи томонидан туманнинг 57 та маҳалласида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда. Улар бандликни таъминлаш ва янги иш ўринлари яратиш, таълим, соғлиқни сақлаш, уй-жой коммунал хизматлар кўрсатиш, электр тармоқлари, ободонлаштириш ва йўлларни таъмирлаш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш каби соҳаларга тааллуқлидир.

2018−2019 йилларда иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш дастурига туманнинг 142 та корхонаси киритилган. Мазкур корхоналарнинг 72 таси саноат, 70 таси эса хизмат кўрсатиш соҳасига ихтисослашган бўлиб, уларнинг қиймати 576 млрд. 507 млн. сўмни ташкил этади. Туманда 54 та лойиҳа ишга туширилди. 945 та янги иш ўрни ташкил этилди, лойиҳалар доирасида киритилган инвестицияларнинг умумий қиймати 70 млрд. 371 млн. сўмни ташкил этади.

Туманда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокида ташкил этилган 18 та корхона томонидан 2018 йил охиригача 41,8 млн. доллар миқдорида хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ва 588 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар туманнинг 14 та корхонаси томонидан жами 27,9 млн. доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилди ва 150 та янги иш ўрни яратилди. Хорижий инвестициялар асосан Хиндистон (10,3 млн. долл.), Австрия (5,8 млн. долл.), Латвия (5,7 млн. долл.) ва Туркия (5,3 млн. долл.) давлатларига тўғри келади.

Туманда 322 та қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Масалан, «Serena Healtcare» қўшма корхонаси томонидан дори ва ампула маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида бугунги кунда 7,0 млн. доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди, корхонада монтаж-қурилиш ишлари олиб борилмоқда ҳамда жорий йил охирида у тўлиқ ишга туширилади ва 100 та иш ўрни яратилади.

Вакиллик органлари фаолиятининг устувор йўналишларидан бири сифатида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва татбиқ этилаётган «Обод маҳалла», «Ёшлар келажагимиз», «Ҳар бир оила — тадбиркор», «Аҳоли бандлигига кўмаклашиш» каби давлат дастурлари доирасидаги вазифаларнинг туманда ижро этилишини таъминлаш, маҳалла ролини янада ошириш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, қўшма мажлисда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар тартибли ўтказилишини депутатлар ва кенг жамоатчилик томонидан назорат қилиш масаласи муҳокама қилинди.

Сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларида бундай тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар тузиш тўғрисидаги қарорнинг мазмун-моҳияти, туманда намунали оилавий тадбирлар ўтказилишини ташкил этиш, ортиқча дабдабаликка, миллий қадриятларга зид маросимларга, номақбул одатларга йўл қўймаслик бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр юритдилар.

Мажлисда муҳокама қилинган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгашининг туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ижросини парламент, депутатлар ва жамоатчилик томонидан назорат қилиш чоралари тўғрисида қўшма қарори қабул қилинди.