Сирдарё вилояти Ховос туманида «Ховос» жоме масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. «Ховос» жоме масжидининг эски биноси 1956 йилда қурилган бўлиб, бугунги кунда яроқсиз ҳолатга келиб қолган эди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қурбон ҳайити байрами арафасида Ховос тумани «Бунёдкор» маҳалласида замонавий талабларга жавоб берадиган, барча қулайликларга эга бўлган 1000 нафардан зиёд намозхонларга мўлжалланган «Ховос» жоме масжидининг янги биноси 2018 йил 20 август куни қуриб битказилди.

Янгидан бунёд этилган масжиднинг очилиш маросимида Сирдарё вилояти ҳокимлиги, вилоят Адлия бошқармаси, Ховос тумани ҳокимлиги, Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг вилоят вакиллиги рахбарлари иштирок этиб, туман аҳолисини масжид очилиши билан табрикладилар ва янги масжиднинг гувоҳномаси масжид имом-хатибига тантанали равишда топширилди.