«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси 124 километрлик Қарши-Китоб темир йўл линиясини модернизация қилиш ва электрлаштириш бўйича лойиҳани якунлади. Бу ҳақда ташувчи матбуот хизмати хабар қилди.

Ушбу йўналишда вокзаллар янгидан қурилиб, станциялар реконструкция қилинди. 2 та кўприк, 20 га яқин сунъий иншоот бунёд этилди. Мавжуд темир йўллар модернизация қилиниб, атрофи панжара билан ўралди.

Қурилиш ишларига 100 га яқин замонавий техника, 300 нафардан зиёд тажрибали мутахассислар жалб қилинди. Соҳа энергетиклари томонидан лойиҳа доирасида режалаштирилган 94 км масофага темир бетон устунлари ўрнатиш, уларга консоллар илиш, контакт симлари тортиш каби барча ишлар тўлиқ якунланди. Бундан ташқари ўтган вақт мобайнида 1 та ним тортиш станцияси ҳам қуриб ишга туширилди.

Мутахассислар Қарши-Китоб йўналишида илк бор электровоз ҳамда Афросиёб замонавий электропоездини ҳаракатлантириб, техник синовларни бошлаб юборди.

Мазкур йўналишда поездлар ҳаракати бошлангани тўғрисида «Ўзбекистон темир йўллари» ўз расмий сайтида эълон қилади.