Ўзбекистон давлат хизматчилари шанба кунлари 17:00 гача ишлаб, якшанбада эса дам олади. Бу ҳақда душанба куни бўлиб ўтган селектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди, дея хабар берди «Газета.uz"нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси.

2017 йилнинг баҳорида давлат раҳбари республика даражасидаги раҳбарлар учун «фавқулодда ҳолат» эълон қилиб, кучайтирилган тартибда иш олиб борилишини айтган эди.

Ҳукуматдаги ахборот манбасининг хабар беришича, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этган йиғилишда президент давлат органлари ходимлари якшанба кунлари оилалари билан вақт ўтказишлари кераклигини айтган.

«Энди иш шанба кунлари 17:00 гача давом этади, якшанба кунлари эса — дам олиш. Президент биз оиламизга эътибор беришимиз кераклигини таъкидлади. Айни пайтда, у иш вақтларида давлат органлари ходимлари ўз зиммаларидаги вазифаларни сифатли ва самарали адо этишлари лозимлигини айтди», — деди «Газета.uz» суҳбатдоши.

Шавкат Мирзиёев давлат органларида мажлислар сони ва давомийлигини қисқартириш, кераксиз ҳисобот ва маълумотларни йиғишга барҳам беришни топширди. Аввалроқ бу ҳақда бош вазир Абдулла Арипов ҳам буйруқ берган эди.