Молия вазирлиги ва ДСҚнинг қарори (2018 йил 20 августда 2439−6-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан солиқ ҳисоботининг шаклларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича барча ҳисобот шаклларидан ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғига тааллуқли кўрсаткичлар чиқариб ташланди. Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 1 январдан эътиборан ушбу солиқлар битта фойда солиғига бирлаштирилган.

Солиқ солинадиган база ва фойда солиғи суммаси иккита сумма билан акс эттирилади:

2018 йил I чораги учун алоҳида;

қолган сумма.

Бу I чоракда солиқ бўйича қуйидаги имтиёзлар амал қилгани билан боғлиқ, улар II чоракдан бошлаб бекор қилинган:

юридик шахсдан олиниб, унинг устав капиталига йўналтирилган дивидендлар бўйича;

маҳаллийлаштириш лойиҳалари бўйича;

экспорт қилувчи корхоналар учун солиқ ставкасини пасайтириш бўйича.

9 ва 12-иловалар фақат 2018 йил I чораги учун тўлдирилади ва бутун солиқ даври мобайнида ўзгартиришсиз қолдирилади.

Фойда солиғи ҳисоб-китобига 3-илова (илгари — 2-илова) «Чегирилмайдиган харажатлар"га ўзгартириш киритилди, сабаби илгари чегирилмайдиган деб ҳисобланган солиқ тўловчининг айрим харажатлари 2018 йил 1 январдан бошлаб чегириладиганлар сирасига киритилди. Масалан:

ёрдамчи хўжаликлар томонидан ишлаб чиқариладиган ва солиқ тўловчининг умумий овқатланиш эҳтиёжлари учун бериладиган товарлар бўйича нархдаги фарқлар (зарарлар);

хўжалик бошқаруви органини сақлаш учун ажратмалар;

биргина ҳисобот даврида бир мартадан ортиқ ўтказиладиган йиллик молиявий ҳисобот аудитини ўтказиш харажатлари;

солиқ тўловчи фаолиятида талабгир бўлмаган касблар бўйича кадрларни тайёрлаш харажатлари;

пенсияга чиқаётган меҳнат фахрийларига бир йўла тўланадиган нафақалар;

ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ бўлмаган саломатликни муҳофаза қилиш ва дам олишни ташкил этиш тадбирларига харажатлар;

шаҳарлар ва посёлкаларни ободонлаштириш ишларини бажаришга харажатлар;

тўлиқ эскирган, фойдаланишда бўлган асбоб-ускуна учун тўлов;

ишончли бошқарувчи хизматлари қийматига ҳақ тўлаш харажатлари.

Фойда солиғи ҳисоб-китобига янги 14-илова — «Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг қўшимча суммасининг ҳисоб-китоб-маълумотномаси» қўшимча қилинди. Уни асосий фаолият тури автомобиль транспортида юк ташиш бўйича хизматлар кўрсатиш ҳисобланган юридик шахслар тўлдиради.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб, солиқ солиш тизимидан қатъи назар, битта транспорт воситасига ҳисоблаганда ушбу корхоналар томонидан тўланаётган солиқлар ва мақсадли давлат жамғармаларига мажбурий ажратмаларнинг жами миқдори якка тартибдаги тадбиркорлар ушбу фаолият тури бўйича тўлаётган қатъий белгиланган солиқ миқдоридан кам бўлмаслиги керак (2017 йил 29 декабрдаги ПҚ-3454-сон қарорнинг 8-банди).