25−29 август кунлари Қорақалпоғистоннинг бешта туманида «Иқлим ўзгариши шароитида яйлов чорвачилигини ривожлантириш орқали қишлоқ ҳамжамиятлари барқарорлигини таъминлаш» мавзусида семинарлар ўтказилади. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар ташкилоти Тараққиёт дастури матбуот хизмати «Газета.uz"га маълум қилди.

Экологлар чўлланиш жараёнларини кучайиши, ҳамда яйловлар деградациясини Орол фожиасининг салбий оқибатларидан бири эканлигини алоҳида таъкидламоқдалар. Масалан, 1995−2014 йиллар мобайнида Қорақалпоғистондаги яйловлар унумдорлиги 23 фоизга пасайган, бу вақтда эса йирик қорамол сони ва зичлиги анчагина ошган. Юзага келган вазиятда энг мақбул ечим сифатида яйловларни самарали бошқариш бўйича амалий механизмни яратиш таклиф этилмоқда. Бундай ёндашув нафақат деградацияга учраган ерларни тиклайди, балки уларнинг озуқа салоҳиятини ҳам оширади.

Жорий йил давомида Қорақалпоғистонда Ўзбекистондаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизматининг «Ўзбекистоннинг қурғоқчил ҳудудларида жойлашган фермер ва деҳқон хўжаликларининг иқлимий барқарорлигини таъминлаш» қўшма лойиҳасини амалга ошириш доирасида Қорақалпоғистонда 9 та кооператив ташкил этилди. Уларнинг учтаси Кегейли, учтаси Тахтакўпир, биттадан Чимбой, Қанликўл ва Мўйноқ туманларида жойлашган. 42 229 нафар одам (уларнинг 20 041 нафари аёллар) мазкур бирлашмалар фаолиятига жалб этилган, бу эса янги иш ўринлари, аҳоли фаровонлигини ошиши, янги билим ва кўникмалар, қурғоқчилик хавфи юқори бўлган шароитда маҳаллий ҳамжамиятлар барқарорлигини таъминлаш бўйича амалиётларни англатади.

Қайд этиш жоизки, илгарилари Қорақалпоғистонда мана шундай кооператив ҳамжамиятларни ташкил этиш амалиёти бўлмаган. Шу муносабат билан лойиҳанинг намунавий туманларида мунтазам учрашувлар ўтказиб турилибди, уларда кооператив ҳамжамиятлар ташкил этиш орқали ландшафт даражасида иқлим ўзгаришларига мослашиш аҳамияти тушунтириб борилмоқда.

Тадбир дастурига мувофиқ, иштирокчиларни кооператив фойдаланиш учун яйлов ерларини тақдим этишнинг қонунчилик асослари, кооперативлар фаолиятини ташкил этиш, ишга жойлаштириш ва қишлоқ аҳолисини йил давомида бандлигини таъминлаш имкониятлари, яйлов ерлари ҳолатини яхшилаш усуллари ва ем-хашак ишлаб чиқариш масалалари билан таништирадилар. Қатор тақдимотлар қурғоқчил иқлим шароитларида ўт-ўланлар барқарорлигини, шу жумладан, биофаол воситалар (гуматлар) ёрдамида таъминлаш услубларига бағишланади, иштирокчилар витаминлаштирилган ем консентратларини ишлаб чиқариш ҳақида ахборот олишади. Яна бир алоҳида тақдимот Маслаҳат-ахборот марказлари ишига ва уларни иқлим ўзгаришига мослашиш масалалари бўйича ҳамжамиятлар ва яйлов кооперативлари билан ҳамкорлигига бағишланади. Қорақалпоғистоннинг тўқай ўрмонлари мисолида иштирокчиларга ихота кўчатларини экиш чизмаларини тақдим этишади, ҳамда ушбу мақсадлар учун энг мақбул бўладиган дарахт турлари ҳақида ахборот беришади.

Семинарда иштирок этиш учун кооперативларнинг бир минг нафарга яқин аъзолари таклиф этилган, улар орасида туман қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари мутахассислари, аҳоли бандлигини таъминлаш учун масъуллар, солиқ инспекцияси вакиллари ва бошқалар бор.