2018 йил 25 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва халқ депутатлари Мирзо Улуғбек туман Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда сенаторлар, депутатлар, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, маҳалла раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг матбуот хизмати хабар берди.

Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев олиб борди.

Таъкидланганидек, 2017−2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастурининг ижроси доирасида барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари зиммасига Мирзо Улуғбек туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қатор муҳим вазифалар юклатилган.

Қўшма мажлисда масъул вазирлик ва идоралар ҳамда Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани ҳокимликлари раҳбарларининг президент томонидан белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан чора-тадбирлар ҳақидаги ахборотлари эшитилди, шунингдек туманда соғлом овқатланишни ташкил қилиш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг аҳволи тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг жорий йил 15 августдаги «Тошкент шаҳрида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича экспериментни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ Ҳукумат, вазирликлар, идоралар ва шаҳар ҳокимлиги зиммасига пойтахтнинг инвестициялар жалб этувчанлигини ошириш бўйича қатор муҳим вазифалар юклатилди. Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига Тошкент шаҳар ва туманлар халқ депутатлари Кенгашларига Тошкент шаҳри ва туманлари ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан самарали депутатлик назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш масаласида кўмаклашиш топширилди.

Сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, туманда 4 та сектор кесимида Республика ишчи гуруҳи томонидан туманнинг 54 та маҳалласида уйма-уй юриш ҳамда ижтимоий ва бошқа соҳа объектларини ўрганиш натижалари асосида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича «Йўл харита"си ишлаб чиқилди ва амалга оширилмоқда. Улар бандликни таъминлаш ва янги иш ўринлари яратиш, соғлиқни сақлаш, уй-жой коммунал хизматлар кўрсатиш, электр тармоқлари, ободонлаштириш ва йўлларни таъмирлаш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, манзилли моддий ёрдам кўрсатиш каби соҳаларга тааллуқлидир.

Мирзо Улуғбек туманида фаолият кўрсатаётган 15 корхона томонидан 2018 йилда 124,6 млн.долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши назарда тутилган бўлиб, шундан 57,6 млн.доллари тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ҳисобланади. 2018 йил 20 август ҳолатига кўра, ўзлаштирилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 56,8 млн.долларни ташкил қилади. Жалб этилаётган инвестициялар асосан Буюк Британия (63,4 млн.доллар), Хитой (2,2 млн.доллар), Туркия (41,4 млн.доллар) давлатларига тўғри келади.

Хусусан, туманда амалга оширилаётган «AKFA FOOD LINE» «Қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқариш» лойиҳасининг умумий қиймати 62,0 млн. долларни ташкил этади. Бугунги кунга қадар 36,6 млн. доллар миқдорида инвестициялар ўзлаштирилиб, келтирилган асбоб-ускуналарни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Вакиллик органлари фаолиятининг устувор йўналишларидан бири сифатида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва татбиқ этилаётган «Обод маҳалла» дастури доирасидаги вазифаларнинг туманда ижро этилишини таъминлаш, маҳалла ролини янада ошириш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, қўшма мажлисда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солишнинг депутатлар ва кенг жамоатчилик томонидан назорат қилиниши масаласи муҳокама қилинди.

Сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларида бундай тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар тузишга оид қабул қилинган қарорнинг мазмун-моҳияти, туманда бу борада амалга оширилаётган ишлар, намунали оилавий тадбирлар ўтказилишини ташкил этиш, миллий қадриятларга зид маросимларга, номақбул одатларга йўл қўймаслик юзасидан маҳаллаларда тарғибот тадбирларини олиб бориш ҳақида фикр юритдилар.

Мажлис якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва халқ депутатлари Мирзо Улуғбек туман Кенгашининг туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ижросини парламент, депутатлар ва жамоатчилик томонидан назорат қилиш чоралари тўғрисида қўшма қарори қабул қилинди.