Наманган вилояти Чуст тумани Давлат солиқ инспекцияси раҳбар ходимлари маҳаллий тадбиркордан унинг дўконида солиқ текширувларини ўтказмаслик учун 300 доллар талаб қилган. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар қилди.

Чустда 2013 йилдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган дўкон эгаси Х.Х Наманган вилоят ИИБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлимига ДСИ ходимлари Г. Б. ва Т.Н. устидан шикоят қилади.

Мазкур аризага асосан Наманган вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда Наманган вилояти прокуратураси ходимлари ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида Чуст тумани ДСИ бўлим бошлиғи лавозимида ишловчи Т.Н. туман ДСИ биносида фуқаро Х.Х.дан 300 АҚШ долларини олган вақтида қўлга олинган.

Ушбу ҳолат юзасидан Наманган вилояти прокуратураси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Т.Н. қамоққа олинган. Шунингдек, унинг жиноий шерикларига нисбатан ҳам тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.