Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари академиясининг Телеграмдаги @Qurolli_Kuchlar_Akademiyasi_bot номли расмий ботини ишга тушган бўлиб, фуқаролар ўзининг мурожаатларини ушбу манзилга юбориши мумкин. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари академияси akademiya-mudofaa.uz манзили бўйича расмий сайтини ишга туширди.

Веб-сайт Қуролли кучлар академияси фаолияти очиқлигини таъминлаб, таълим муассаса ҳаётига боғлиқ тадбирлар ва ҳодисаларни тезкорлик билан ёритиш, шунингдек, жамоатчилик билан алоқаларни яхшилашга хизмат қилади.

Сайтда академия раҳбарияти, унинг тузилмаси ва тарихи ҳақидаги ахборотлар, бўш иш ўринлари, ҳарбий-илмий ишлар ҳақида батафсил маълумотлар билан танишиш мумкин.

Айни вақтда мазкур сайт синов режимида фаолият кўрсатмоқда.

Қуролли кучлар академиясига экскурсия уюштиришни истаган ўқувчи ёшлар гуруҳлари учун ҳам янги имконият пайдо бўлди. Энди ташриф буюрувчиларнинг аризалари Телеграм канали ҳамда сайтдаги электрон манзиллар орқали қабул қилинади.

Таъкидлаш жоизки, ўтган йиллар давомида энг ёпиқ деб ҳисобланиб келган Мудофаа вазирлиги 2017йилда mudofaa.uz расмий веб-сайтини, 2018 йилда эса «Телеграм"да https://t.me/mudofaa_press канали ҳамда оммабоп ижтимоий тармоқ ҳисобланган Фейсбукда «Mudofaa_Press» расмий саҳифасини ишга туширди.